Солижон МЎМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи

Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида баркамол авлодни вояга етказиш масаласига ғоят устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бу ўринда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан мактабгача таълим тизимида туб ўзгаришлар ясалаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Яқин-яқингача кичкинтойларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш қанчалар мураккаб ва сермуаммо масала эди. Кейинги йилларда бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Алоҳида вазирлик ва унинг қуйи тизимлари иши йўлга қўйилди. Болаларни боғчаларга қамраб олиш кўрсаткичлари тобора кўтарилиб боряпти. Давлат муассасалари билан биргаликда хусусий мактабгача таълим тизими ҳам шакллантирилди ва йил сайин ривожлантириш имкониятлари вужудга келтирилди.

Шундай бўлсада мактабгача таълим тизимини алоҳида тартибга соладиган яхлит қонун ҳозирга қадар ишлаб чиқилмаган эди. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги янги қонун ло­йиҳаси бу борада қўйилган муҳим қадам бўлди. Ҳужжат 11 та боб ва 58 та моддадан иборат.

Қонун билан, мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, мактабгача таълим ва тарбия олишга доир давлат кафолатлари аниқ белгилаб берилди. Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини амалга оширувчи органлар қуйидагилардан иборат:

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси;

- Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги;

- Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги;

- ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган бош­қа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;

- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Мазкур қонуннинг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ваколатлари ифодаланган. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

- мактабгача бўлган ёшдаги болаларга давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди;

- ўз ваколатлари доирасида мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлайди;

- Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда боланинг ёшига ва физиологик эҳтиёжларига мос келадиган, рационал ҳамда мутаносиб овқатланиши учун мактабгача таълим ташкилотидаги табиий маҳсулотлар тўпламини белгилайди;

- алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болаларни соғломлаштиришга қаратилган даволаш-соғ­ломлаштириш, реабилитация, санитария-гигиена ва профилактика тадбирларини ўтказади;

- мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг тиббий текширувдан ўтказилишини ташкил этади.

Хусусан, давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлайди.

Қонунга мувофиқ, мактабгача таълим ташкилоти давлат ва нодавлат ташкилоти бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотлари қу­йидаги турларда ташкил этилади:

- умумий турдаги мактабгача таълим ташкилоти;

- кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти;

- инклюзив гуруҳларга эга мактабгача таълим ташкилоти;

- қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилоти.

Умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотининг умумий ривожлантириш йўналишидаги гуруҳларида мактабгача таълим ва тарбия­нинг давлат таълим дастури амалга оширилиши таъминланади.

Кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дас­тури амалга оширилиши таъминланади.

Инклюзив гуруҳларга эга мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, уларни соғ­лом муҳитга уйғунлаштириш орқали таълим ва тарбия олиши учун тенг имкониятлар таъминланади.

Қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотида ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган болаларнинг ва ривожланишида нуқсонлари бўлмаган болаларнинг битта ташкилотда алоҳида гуруҳларда, шунингдек инклюзив гуруҳларда биргаликда ўқишини ҳамда тарбияланишини ташкил этишга қаратилган мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури амалга оширилиши таъминланади.

Мактабгача таълим ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турларда ҳам ташкил этилиши мумкин.

Расман эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга кирадиган қонунда кўзда тутилган вазифаларнинг амалиётга татбиқ этилиши соҳа равнақи ва фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Хўш, мазкур ҳужжат нимаси билан муҳим? Аввало, у болаларимизни ҳар томонлама етук ва интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялаш, маънавий-эстетик, жисмоний жиҳатдан ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Мамлакатимизда давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари ўртасидаги соғлом рақобатни вужудга келтиради. Натижада мактабгача таълимга болаларни қамраб олиш кўламини босқичма-босқич ошириш, уларга солиқ имтиёзлари ва переференциялар, бюджет субсидияларини ажратиш, мактабгача таълим-тарбиянинг муқобил шакл­ларини жорий этишга кўмаклашади.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши тарихий аҳамиятга эга. Унда белгиланган вазифаларнинг ҳаётда ўз ифодасини топиши билан эртанги кунимиз эгаларининг комил ва баркамол инсонлар бўлиб тарбияланиши кафолатланади. Бир сўз билан айтганда мактабгача таълим муассасаларида тарбия топган болалар ақлли, доно, билимдон ва зукко авлод сифатида вояга етади. Бундай заковотли ва қобилиятли инсонлар яшайдиган юртнинг келажаги чиндан ҳам буюкдир.