дейди Тўрақўрғон туманидаги 20-мактабгача таълим ташкилоти раҳбари,

Ўзбекистон халқ таълими аълочиси Қаноатхон ҚОРАБОЕВА

Фарзандларининг келажаги порлоқ бўлишини ўйлайди ҳар бир ота-она. Инчунин, жажжиларнинг овозлари, кулгулари янграйдиган, ўйнаб-кулиб ул­ғаядиган, оламга ва одамга муносабатлари шаклланадиган, онги тўлишадиган, орзу умидлари ниш урадиган маскан ҳисобланмиш боғчаларга ўғил-қизлари тақдирини ишониб топширишади. Кўнгилларига хотиржамлик иниб, ҳар куни меҳнат фаолиятларини унумли ўтказишади. Шаҳандликларнинг бу борада толелари кулган. Негаки, қишлоқдаги кичикларнинг катта даргоҳи бўлган 20 - мактабгача таълим муассасаси аввалги 6 та гуруҳининг ёнига яна 5 тасини қўшди, жами 280 нафар ўғил-қизларни ўз бағрига олиш ҳолатига келтирилди.

- Соҳада қарийб қирқ беш йил ишлаб, кейинги пайтдагидек бу қадар беқиёс ғамхўрлик кўрсатилганини билмайман, - дейди мамнуният билан Қаноат Қорабоева. - Очиғи, мактабгача ёшдагиларнинг таълим-тарбиясига эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошқарувининг дастлабки кунларидаёқ намоён бўла бошлаган эди. Эндиликда эса, эртанги кун эгаларининг камолоти учун давлат миқёсида кенг қамровли дастурлар амалга оширилмоқда. Бизнинг муассасамиздаги ўзгаришлар ҳам бир талай. Айниқса "Ақлли боғча" тизими бўйича инновацион тўрт лойиҳани амалиётга жорий этишга киришилаётганини айтмайсизми...

Дарҳақиқат, ҳозирда Президентимиз қарорлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Рспубликаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси асосида иш олиб борилмоқда. "Илк қадам" дастури доирасида дастлабки қадамлар ташланаётир. Мазкур мактабгача таълим муассасаси фаолиятидан айрим лавҳаларни кўз олдимизга келтиришнинг ўзиёқ фикримизни тасдиқласа ажаб эмас.

Қишлоқ марказидан ўтган катта асфальт йўл қирғоғидаги икки қаватли бино. Олди ва ёни мўъжазгина ҳовли. Кўркам манзарадор дарахтлару гуллар, жажжиларнинг тоза ҳавода ўйнаб-яйраб юришлари, турли ўйину мусобақалар уюштиришлари учун жиҳозу кўргазмали безакларга эга майдончалар ҳамиша ўтган-кетганнинг нигоҳини тортади. Ҳар кун эрталаб ва кечки пайт унинг остонасини истиқлолли ва истиқболли замоннинг бахтиёр болалари ҳатлашади. Ҳовлию бинолар ичида қайноқ ҳаёт ҳукм суради.

Ана, дарвоза ортидан ота-оналари ичкарига кузатаётган ўғил-қизчаларга "боғча опалари" очиқ чеҳраларида табассум жилваланган ҳолда пешвоз чиқишмоқда. Оқ халатли сергак ҳамшира Санобар Қосимова болаларнинг ранги-рўйи­ни, оғиз бўшлиғини, қўлларини бирма-бир тезкор тиббий текширишдан ўтказиш билан банд. Гигиена қоидаларига амал қилмаганларни, соғлигига шубҳа уйғотадиганларни пайқаса, ўша заҳоти ажратиб оляпти. Кейин улар билан зудликда алоҳида шуғулланишга ўтади-да... Фақат шу билан чекланмайди. Таомнома тузишда ҳам тарбияланувчилар манфаатини кўзлаб, дас­турхонга ҳар вақт сифатли маҳсулотлардан тайёрланган тотли ва тўйимли, қувватли ва шифобахш озиқ-овқатлар қўйилиши учун хўжалик мудири Бахтиёр Раҳматов ва ошпаз Одина Аҳмадалиевалар билан теппа-тенг жон куйдиради. Барча юмушларни уддалашда ёлғиз эмас. Ҳамшира ҳамкасби Дилноза Тўраева ёнма-ён кўмакдош.

- "Илк қадам" дастурида "Жисмоний ривожланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш" соҳаси компетенциялари ҳам берилган, - дейди услубчи Замира Қодирова. - Унинг муваффақиятли бажарилишини таъминласак, ўқув-тарбия фаолияти давомида болаларимиз ўз имкониятлари ва ёши билан боғлиқ жисмоний ривожланиш меъёрларига мос равишда фаолликка одатланади, ҳаракатларини ҳиссиёт ва сезги органлари ёрдамида бошқара олади, шахсий гигиена малакаларини қўллайди, соғлом турмуш тарзи ва овқатланиш асосларини ўзлаштиради, хавфсиз ҳаёт фаолияти мезонларига амал қилади. Шунинг учун кичикларга мос, содда йўсиндаги тиббий тарғиботга ва мусиқавий рақс машқ­лару ҳаракатли мусобақаларга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Бу масканда бешта марказ эртадан-кечгача гавжум. Тарбиячиларнинг зиммаларига юкланган масъулият ҳисси бирор дақиқа уларни тарк этмайди. Марказларда болалар диққатини тортадиган, касб - корларни ўрганишга доир маълумотлар, турли - туман ўйинчоқлар муҳайё. Кўрдикки, катта хонага доира ва тўртбурчак шаклдаги пешхонлар қўйилган. Атрофидаги ўтирғиччаларга тўрт-бештадан кичкинтойлар жойлашишган. Бирида пластмасса шакллардан кимдир кўпқаватли "уй" тиклаяпти. Бирида кимдир турли ўйинчоқ ҳайвонлар билан машғул. Кимдир жажжи мусиқа асбобида "куй" яратяпти. Кимдир қиш манзарасини қоғозга муҳрлаш ҳаракатида. Кимдир Қорбобо ва Қорқизга либос тикяпти. Эркин фаолиятга қўйиб қўйган тарбиячилари доимий кузатиб, керак бўлса, тўғри йўлга йўналтириб туришибди. Маслаҳат бериш билангина кифояланмай, бажарган ишларини баҳолашиб, руҳлантирувчи рағбатлар ёғдиришаётир. Уддабурон болаларнинг хурсандликлари бир олам.

Боғчанинг санъат, қуриш-ясаш, сюжетли - ролли саҳналаштириш, илм-фан, тил ва нутқ марказларидаги машғулотлар ҳар куни бардавом. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Моҳичехра Қосимова, Нафиса Ғоипова, Мўътабар Жумабоева ўрта ва катта гуруҳлардаги машғулотлар самарадорлигига эришиш учун тинмай изланишяпти. Кичкинтойларни ўз оналаридек чинакамига меҳр оғушига олишган.

Бугунги бола - эртанги навқирон авлод. Унинг баркамол бўлишига эндиликда фақат она тилини билишгина кифоя қилмайди. Балки, дунёни танишию, дунёга танилиши учун яна бир неча хорижий тилларни ҳам ўзлаштириши ҳаётий заруриятдир. Шаҳанд­лик болаларнинг баркамоллик сари интилишлари тўла кафолатли. Боғчанинг тил ва нутқ ўрганиш марказида Муаттар Мўминова, Дилшода Тўрабоева ва Зулфия Убайдуллаевалар рус ва инглиз тили сабоғини беришяпти.

Мусиқа, қўшиқ ва рақс жажжиларнинг жону дили. Уларнинг шўх ва қувноқ лаҳзаларини дилрабо куй, ашула ва ўйинлар янада файзга тўлдиряпти. Фурқат Шерматов ва Маҳлиё Жабборовалар раҳбарлигида ўғилчалар "Андижон полкаси"ни қо­йиллатишса, қизчалар "Лазги" ва "Тановор"га қойилмақом хиром айлашяпти.

Бу ердаги болаларга зерикиш ёт. Ширин таомларни тановвул қилиш ва мириқиб ухлашдан ташқари ҳар дақиқалари тарбиявий тадбирларга қатнашиш билан ўтади. Уларнинг тетиклиги, бардамлиги, шўху шодонлиги, жарангдор овозлари жисму жонлари соғлигидан далолат берса-да, бу ҳеч қачон тарбиячиларга, энагаларга, айниқса, икки саломатлик посбонига хотиржамлик бағишламайди. Аксинча, уларни ҳаётларига хавф туғдирувчи турли юқумли касалликлардан ҳимоялаш, таналаридаги салбий ўзгаришларни ўз вақтида пайқаб, кутилмаганда ёпишадиган дардлардан озор чекишларининг олдини олиш масаласига жиддий қарашади. Жамоа раҳбарининг айтишича, қишлоқдаги 29-оила поликлиникаси шифокорларини боғчага таклиф этиб қўйишибди. Яқин орада болаларнинг барчаси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Боғчадан қайтишга чоғланар эканмиз, беихтиёр кўнглимиздан қуйидаги сатрлар кечди:

 

Соғлом бола - соғ авлод,

Кўнгли доим - чоғ авлод.

Улғаяди боғчада

Ақли баланд тоғ авлод.

 

Ҳеч бирида камлик йўқ,

Қалби оташ, қалби чўғ,

Қанот берар "Илк қадам",

Эртасидан кўнгли тўқ.

 

Ватан, йўлинг нурафшон,

Бағринг тўла болажон.

Дунёларга танитиб,

Улар қучар шараф - шон!

Ўз мухбиримиз.

Суратларда 20-МТМ ҳаётидан лавҳалар.