Наманган ихтисослаштирилган санъат мактабида вилоят эндокринология диспансери Халқаро диабетлар кунига бағишланган тарғибот тадбири ўтказди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари масъул ходимлари, қандли диабетга чалинган 14 ёшгача бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров, вилоят эндокринология диспансери бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов сўзга чиқиб, юртимизда, хусусан Наманган вилоятида қандли диабетнинг олдини олиш ва унга қарши кураш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, профилактик ишлар ҳақида тўхталдилар.

Қайд этилганидек, 14 ноя­брь санаси 1991 йили Хал­қаро диабет федерацияси ва Бутун дунё соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан "Бутун дунё диабетга қарши кураш куни" сифатида эътироф этилган. Бу куннинг танланишига 1891 йилда Фредерик Бантинг томонидан инсулин кашф қилингани асос бўлган. 2007 йилдан бери Бутун дунё диабетга қарши кураш куни БМТ раҳбарлиги остида ўтказилиб келинади. Маълумотларга қараганда, ҳозирда сайёрамизнинг 1 миллиард одами қандли диабетга чалинган.

Тарғибот тадбирига келган болажонлар учун ихтисослаштирилган санъат мактаби томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Саховатпеша ҳомийларнинг эсдалик совғалари тортиқ қилинди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.