Табиат ва унинг барча неъматлари инсониятга берилган бебаҳо инъомдир. Тоза ҳаво, ям-яшил далалар, боғ-роғлар, дарахтлар, турли хил ўсимликлар, ҳайвонот дунёси ва бошқа тирик организмларнинг барчаси ўзаро уйғунлашиб гўзал табиатни ташкил қилади. Табиатга қандай муносабатда бўлсак, у ҳам бизга шундай муносабатда бўлиши тайин.

Одамларнинг ўсимликлар дунё­сига салбий таъсири натижасида ер юзида тобора ўсимликлар қоплами қисқариб, турлари камайиб бормоқда. Маълумотларга қараганда ҳозирги вақтда дунёда ўрмонларнинг умумий майдони 50 фоиз қисқариб кетган. Ўрмонлар ёнғинлардан ва сув босишлардан ҳам катта зарар кўраяпти. Ўрмонларни кесиш анча кучайган. Шунинг учун мамлакатимизда ёғочбоб теракзорларни кўпайтириш умумхалқ ҳаракати бошлаб юборилди.

Хазонларни ёқиш асло мумкин эмас. Хазон ёнган вақтда, ундан углерод бирикмалари, карбонат ангидрид билан бирга бензапирен моддаси ҳам атмосферага ажралиб чиқади. Хазон ва чиқинди ёқиш оқибатида чиқадиган заҳарли моддалар эса аста секин ўз таъсирини кўрсатади. Ҳаво таркибидаги зарарли моддалар инсон нафас йўллари орқали ошқозон ости бези, ўпка ва иммун тизимини заҳарлайди. Бундай заҳарли моддалар кўпинча хавфли ўсма, аллергик, кўз, томоқ йўлларида кучли қичиш ва бир қатор хавфли касалликларни келтириб чиқаради. БМТнинг маълумотларига қараганда, ҳозирги вақтда касалликларнинг 80 фоизи экологик танглик натижасида содир бўлмокда. Айниқса, юрак, онкологик ва аллергик касалликлар кўпаймокда.

Атроф-муҳитни тоза ва мусаффо ҳолда келгуси авлодларимизга қолдириш бизнинг асосий мақсадимиз. Шундай экан, юртимиз табиати, экологияси, тупроғи, суви, ўсимлик ва ҳайвонот оламини асраб-авайлаш келгуси авлодларимизга беғубор ҳолда етказиш, она табиатга нисбатан меҳрли ва шафқатли бўлиш барчамизнинг асосий бурчимиз эканлигини асло унутмайлик.

Азизахон МАҲМУДОВА,

Тўрақўрғон туманидаги 7-мактабнинг

1-тоифали география фани ўқитувчиси.