Хитой Ўзбекистонда диабет, гипертония, юрак-қон томир касалликларини даволаш учун доривор ўсимликлардан тайёрланадиган препаратлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона қуришни режалаштирмоқда. Бунинг учун 100 миллион доллар сармоя киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва Хитойнинг Beijing Hong Tianli Pharmaceutical компанияси ўртасида соғ­лиқни сақлаш ҳамда фармацевтикани ривожлантириш кўзда тутилган меморандум имзоланди. Ҳужжат 5 ноябрь куни Тош­кент­да палата раиси Равшан Изамов ва хорижий компания президенти У Цинзе томонидан имзоланди, дея хабар беради "Газета.uz"га палата матбуот хизмати.

Мазкур компания анъанавий хитой тиббиёт рецептлари асосида доривор ўсимликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳужжатга кўра, компания Хитойдан дори-дармонларни Ўзбекистонга етказиб беради, "бозор ўрганилганидан сўнг республикада доривор маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилмоқда", - дейилади матбуот хизмати маълумотида.

Меморандумда қайд этилишича, компания шунингдек, реабилитация шифохонаси ва анъанавий тиббиётга асосланган санаторий-курорт шаҳарчасини ҳам очиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Шу билан биргаликда, томонлар биринчи босқичда диабет, гипертония, юрак-қон томир касалликлари ва жигарнинг турли хил хасталикларини даволашга қаратилган, доривор ўсимликлардан тайёрланган беш турдаги дори воситаларини тарғиб қилишга келишиб олдилар.

"Бозор таҳлили ижобий прогноз берса, Хитой томони 2020 - 2024 йилларда аста-секин республикага 100 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни режалаштирмоқда", - дейилади хабарда.