Муҳаммаджон ВАҚҚОСОВ,

вилоят эндокринология диспансери бош врачи,

тиббиёт фанлари доктори

2019 йил бизнинг жамоа учун ғоят эсда қоларли бошланди. Негаки, тўрт қаватли, 160 ўринли янги бинога кўчиб ўтилгани кўп йиллик орзуларнинг рўёби бўлди. Биринчи қаватда жойлашган маслаҳат-диагностика бўлимимизнинг ўзи ҳар куни 120 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга. Энди ихтисослашган бўлимларимизгача кўпайтирилди. Айни пайтда жарроҳлик, болалар ва ўсмирлар, диабетология-тиреодология ҳамда диабетология-нефрология бўлимларигача очилди. УТТ доплер ва рентгенаппаратларини ўрнатиш чора-тадбирлари белгиланган.

Лаборатория бўлимимизда клиник ва биохимик таҳлиллару, гармонал текширувларгача йўлга қўйилган. Қалқонсимон без гармонлари, қондаги кальций, холестерин, мочевина, креатинин ва умумий оқсил текширувлари олиб борилмоқда. Жарроҳлик бўлимида эса, қалқонсимон, қалқонсимон олди, ошқозон ости ва буйрак усти безлари, тухумдон ва моякларда жарроҳлик амалиётларини бажаришга тараддуд кўрмоқдамиз. Бунинг учун кадрларнинг малака-маҳоратини янада ошириш талаб этилади. Айни маҳалда туманлардаги 6 нафар умумий амалиёт шифокорларининг бирламчи мутахассислик бўйича Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида ўқиб келишларини таъминлаймиз. Диспансеримиздаги 4 нафар етакчи мутахассисларимизга Россия Федерациясининг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида эндокринология бўйича малакаларини мукаммаллаштиришлари учун зарур имкониятларни яратамиз.

Биз тарғибот - ташвиқот ишларига эътиборни тобора кучайтиряпмиз. Врачларимиз "Морбид семиз­лик", " Гиперпаратиреоз ва унинг асоратлари", "Йод етишмовчилиги ҳолатлари профилактикаси", "Қандли диабет ва унинг асоратлари олдини олиш" мавзуларида маърузалар, тақдимотлар тайёрлашиб, вилоятимиздаги тиббиёт муассасалари, коллеж ва мактабларда семинар машғулотлари, давра суҳбатлари уюштиришмоқда. Тиббий кўриклар ўтказишмоқда. Яна бир янгилик - диспансеримизда келгуси йилларда "Кардиодиабет", "Офтольмодиабет", "Гемодиализ" бўлимлари очишни режалаштирганмиз. Буларнинг барчаси мамлакатимиз ва вилоятимиз тиббиётини жаҳон андозалари даражасига етказилишига хизмат қилиши шубҳасиз.