Наманган шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасида фаолият бошлаган "Доктор-А" шифо маскани таъсис этилганига унча кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, бу даргоҳ ўз мижозларини топиб улгурди. Негаки мазкур хусусий шифохонада бир неча йўналишлар бўйича малакали хизмат кўрсатила бошланди.

Куни кеча вилоятимизда ўтказиладиган халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми доирасида Покистонда фаолият олиб бораётган "Kulsum international hospital" шифохонаcдан доктор Муҳаммад Салом раҳбарлигидаги бир гуруҳ шифокорлар мазкур шифохонада бўлиб, беморларни тиббий-кўрикдан ўтказишди. Диагностик таҳлил натижаларига қараб, керакли маслаҳатлар беришди. Юрак, қон-томир йўлларини тромблардан тозалаш, стент­лашга оид жарроҳлик амалиётлари ўтказишди.

- Покистонлик тиббиётчиларнинг юртимизга ташрифидан асосий мақсад Наманган шаҳрида инвестиция лойиҳалари асосида 8 миллион долларлик ҳажмдаги тиббиёт марказини ишга туширишга тайёргарлик кўришдан иборатдир, - дейди "Доктор-А" бош шифокори Маъмуржон Охунов. - Насиб этса кўп ўтмай, шаҳримизда яна бир янги тиббиёт маркази пайдо бўлади.

Суратда: покистонлик шифокорлар жарроҳлик амалиёти ўтказаётган пайт акс эттирилган.

М. АКМАЛОВ.