"SPRING PHARMAСEUTIC" "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонасида очилган илк корхонадир. У юртимизга ҳозирга қадар хориждан импорт қилинаётган йигирмадан ортиқ турдаги дори-дармонларни бевосита Косонсойда тайёрлаш салоҳиятига эга.

Республикада тиббиёт ва фармацевтика саноатининг марказига айланиб бораётган Наманган вилоятида бир ҳафта ичида иккинчи фармацевтика корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонасида якунланган биринчи лойиҳа - "SPRING PHARMAСEUTIC" корхонаси ишга туширилди.

"SPRING PHARMAСEUTIC" корхонасига "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ўтган йили 1,7 гектар ер ажратиб берилганди. Бир йил ичида жами қиймати 18 миллиард сўм бўлган катта лойиҳа амалга оширилди. Энг аҳамиятлиси, бу корхона маҳаллий тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобига қуриб битказилди.

"SPRING PHARMAСEUTIC" МЧЖ раҳбари Шокир Мамадалиевнинг сўзларига қараганда, корхонада 70 га яқин янги иш ўринлари яратилган. "Корхона йилига 60 номдаги таблетка ва капсула шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқаради, шундан 23 хили импорт ўрнини босувчи ҳисобланади. Йиллик қуввати 80 миллион таблетка, 20 миллион капсула ва 3 миллион саше пакетлар", дея маълум қилди Шокир Мамадалиев.

"Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонасига ўтган йили жами 103,9 гектар, шундан қурилишга - 35,8 гектар ҳамда плантацияга - 68,1 гектар ер майдони ажратиб берилганди.

Эркин иқтисодий зонага умумий қиймати 51 миллион АҚШ долларидан ортиқ 13 та лойиҳа танлаб олинган. Бу маблағларнинг катта қисми, яқин 24 миллион АҚШ доллари тўғридан хорижий инвестициялардир. 2021 йилга бориб барча лойи­ҳалар якунланганда, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 100 миллиард сўмдан ортиқ замонавий ишлаб чиқариш корхоналарига, 1000 га яқин иш ўрнига эга бўлинади.

Ҳозирги кунда ана шу лойиҳалардан умумий қиймати 8,5 миллион долларга тенг 6 таси амалга оширилмоқда, қолганлари ҳам бошланиш арафасида. "SPRING PHARMAСEUTIC" ортидан яқин кунларда "Ахсикент соф саноат" ҳамда "Фирдавсбек фарм" корхоналари ҳам фаолият бошлайди.

"Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонасида шунингдек, Жанубий Корея, Россия, Миср ва Беларусь давлатлари билан ҳамкорликда янги йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳамда Ҳиндистон ҳам бу соҳада Наманган вилояти билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда.

Янги фармацевтика корхонасининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров иштирок этди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.