Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Наманган шаҳридаги 40-умумтаълим мактабида ҳам "Биринчи қўнғироқ" шодиёнаси бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар ва педагоглар, маҳалла аҳли, ота-оналар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни мусиқа ўқитувчиси Жамила Тўлабоева кириш сўзи билан очди. Мактабнинг собиқ ўқувчиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов барчани янги ўқув йилининг бошланиши - Билимлар куни билан қутлади. Меҳмон болалик даврларини эслади. Билимга чанқоқлик, тинмай ўқиб ўрганиш ва изланиш самараси ўлароқ бугунги даражага етганлиги ҳақида гапириб берди. Бахтли болалик гаштини сураётган ўқувчиларга пухта билим олиб, мустақил давлатимизнинг фидойи инсонлари сифатида камол топишда омадлар тилади.

Барчанинг орзиқиб кутган ҳаяжонли дақиқлари бошланди. Биринчи қўнғироқ садолари остида мактаб остонасига илк бор қадам босган ўғил-қизлар синфларга тантанали равишда кузатиб қўйилди. Шундан кейин " Жонажон Ўзбекис­тоним, мангу бўл омон!" шиори остида маънавият дарслари бошланди.

Сенатор Солижон Мўминов биринчи синф ўқувчилари ҳузурида бўлди. Уларни комил инсон бўлиб вояга етишга даъват этди. Гулдурос қарсаклар остида болаларга Президент туҳфаларини топширди.

10-синф ўқувчилари билан суҳбат ғоят мароқли кечди. Мактабнинг собиқ ўқувчиси болаларни кўпроқ китоб ўқишга, илм-фан сирларини мукаммал эгаллашга ундади. Ўзининг ўқувчилик чоғларидаги ибратли фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Давлатимиз раҳбари томонидан халқ таълимини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлаб, бундай имкониятлар камдан-кам мамлакатларда мавжудлигини , ёшларимиз яратилган шароитлардан фойдаланган ҳолда келажаги буюк Ўзбекистоннинг равнақига муносиб ҳисса қўшадиган авлод сифатида улғайишлари муҳимлигини уқтирди.

Мактабнинг ўлкашунослик музейи фаолияти билан танишув чоғида илм даргоҳи ўқитувчиларнинг кекса авлоди яратган асори атиқаларни асраб - авайлаш ва келажагимиз ворисларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашда тарихий ҳужжат ва экспонатлардан самарали фойдаланиш юзасидан фикрларини баён этди.

Ўқувчилар мартабали меҳмон билан учрашув чоғида ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан тўлақонли жавоблар олдилар. Уларнинг кўнглида кечган ҳавас таниқли шифокор ва жамоат арбобининг ўнлаб издошлари вужудга келишига туртки берган бўлса ажаб эмас.

Абдулла ҒОЗИЕВ.