Мустақиллик байрами Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлими жамоаси учун ғоят қувончли келди. Чунки улар "Обод марказ" дастури доирасида мукаммал реконс­трукция қилинган янги икки қаватли бинога кўчиб ўтишди.

Бўлим биносининг тақдимот маросими ғоят ҳаяжонли кечди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов сўзга чиқиб, Президентимизнинг тиббиёт тармоғини жадал ривожлантиришга муттасил эътибор бераётганликларини, вилоятимизда бу борадаги бунёдкорлик ишларига катта маблағлар сарфланаётганини, жумладан, Тўрақўрғон туманидаги мазкур муассасанинг янги бинога эга бўлиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашга зарур шароит ва имкониятлар яратаётганини зўр мамнуният билан таъкидлади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов эса бундай беқиёс ғамхўрликларга жавобан ҳар бир тиббиёт ходими ўз зиммасидаги вазифасини ҳалол ва фаол бажаришга бурчли эканини алоҳида уқтирди.

Олий тоифали терапевт, пенсионер Миржалол Мирсаидов ўзининг қувончини қуйидагича ифодалади:

- Мен эллик йилдан буён шифокор бўлиб ишлаб, тиббиёт соҳасига бу қадар эътибор кучайтирилганини ҳеч кўрмаган эдим. Тиббиёт муассасаларининг бинолари чиройли ва муҳташам қиёфага кир­япти. Энг замонавий жиҳозлар, асбоб-ускуналар, аппаратлар билан таъминланяпти. Энди фақат ва фақат аҳолига юқори самарали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишимиз шарт. Айниқса, тез тиббий ёрдам - тиббиётнинг ойнаси ҳисобланади. Чақирувларга номларига яраша тез етиб боришиб, ўз вақтида кўрсатилган бепул ва беминнат хизматлари билан эл саломатлигини сақлашларида доимо муваффақиятлар тилайман.

Шундан сўнг рамзий лентани раҳбарлар ва меҳнат фахрийлари тантанали равишда қирқишди, янги бинода яратилган киройи шароитлар билан танишишди.

- Мана кўриб турибсиз, "тез ёрдам"чилар катта йўл ёқасидаги кўркам бинога кўчишди. Алоҳида дарвозали, ҳовлиси кенг, қулай шароитли жойга эга бўлишди. Энди кечаю-кундуз навбатчиларга хизмат қиладиган 5 та автомобиль учун гараж ҳам тезда битказилади. Мақсад - одамларни тиббий хизматдан рози қилиш. Биринчи нажоткорларга барча зарур шароитлар муҳайё қилиб берилаверади, - деди қатъий ишонч билан ТТБ муҳандиси Боситхон Котибов.

Бунга шак-шубҳа йўқ. Маблағ ҳам ажратилган, қурувчилар ҳам янада ғайрат кўрсатишаверади.

Содиқ САЙҲУН.