Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож қатламлари доимо эътиборда. Наманган шаҳар "Гулбоғ" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги педагогика коллежининг собиқ ётоқхонаси ночор оилаларга турар жой сифатида берилганлиги ҳам ана шу эзгу мақсад сари қўйилган қадам эди. Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан бу бинода яшовчиларга тегишли кўмаклар бериляпти. Айниса, тиббий хизмат мунтазам йўналтирилмоқда. Зеро, 14-оила поликлиникаси мутасаддиларидан тортиб патронаж ҳамшираларигача шу жойга келишгани келишган.

Яқинда мазкур даргоҳда истиқомат қилувчилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чорланди. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар шифокорлари, ҳатто "Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун! " шиори остида ўтказилаётган тиббий акция доирасида вилоятимизда иш олиб бораётган Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази ходимлари ҳам маҳаллага келишди. Тиббиёт фанлари доктори, гастроэнтеролог Гўзал Собирова ва илмий ходим, кардиолог Жамол Узоқовлар ҳам ўнлаб болалар, аёллар ва кекса ёшдаги кишиларни тиббий кўрикдан ўтказишди. "Мобил поликлиника"да эса вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази малакали шифокорлари аҳолининг кўрув аъзолари ҳолатини энг ноёб аппаратлар ёрдамида текшириб кўришди.

- Саломатлигимиз ҳақида шу қадар қайғурилаётганлигидан мамнунмиз, - дейди иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Муқаддас Шарипова.

Вилоят сил касалликлари диспансери шифокорлари Мариямхон Нуриддинованинг мурожаати бўйича ижобий ечим топишди. Юқумли касаллик билан оғриган аёлни зудлик билан даволаш чоралари кўрилди. Кичик ёшдаги фарзанди борлиги учун беморга тегишли шароит яратиладиган бўлди.

- Турмуш ўртоғимнинг саломатлигини тиклаш учун ғамхўрлик кўрсатилганлигидан мамнунман. Бунинг учун тиббиёт ходимларига миннатдорчилигимни билдираман, - дейди турмуш ўртоғи Сирожиддин Мирзабоев.

Қисқаси, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган "баъзи чиқишлар"дагидан фарқли ўлароқ одамлар муаммолар гирдобига ташлаб қўйилаётгани йўқ. Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Абдулходи Иминов ва ҳоким ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Абдуллаевалар ҳам бу масканда яшовчилар ҳузурида бўлишди.Уларнинг эътирозларини келтириб чиқараётган ва ҳал этилиши зарур бўлган масалалар бўйича ўрганишлар ўтказишди. Муаммоларни бартараф этиш юзасидан келишиб олинди. Зеро, бизнинг юртимизда муҳтож ва ночор инсонлар ҳеч қачон ёлғизлатиб қўйилмайди.