Энг улуғ, энг азиз айём арафасида Уйчи туманидаги Жийдакапа қишлоғида "AX MEDIKAL FARM" МЧЖ қўшма корхонаси очилди. Ўзбекистон ва Хитой ишбилармонлари унинг таъсисчиларидир.

Кейинги йилларда қишлоқ инфратузилмаси тубдан ўзгариб бормоқда. Ҳудудни саноатлаштиришга алоҳида урғу берил­япти. Янги корхона эса нафақат вилоят, балки мамлакат миқ­ёсида ўз салоҳиятига эгадир. Йилига 100 миллион дона бир марта ишлатиладиган шприц ва 300 минг дона аёллар тиббий ойнаси ишлаб чиқаришга қодирлиги ҳам унинг қуввати нақадар юксаклигидан далолат бериб турибди. Энг муҳими, унинг биринчи босқичида 50 нафар қишлоқ аёллари ишли бўлишди.

Тақдимот маросими катта шодиёнага айланиб кетди. Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулла Бозоров ўз нутқида истиқлол йилларидаги буюк ўзгаришларни таъкидлар экан, Наманган илгариги аграр вилоят эмас, эндиликда саноати тез суръатлар билан ривожланаётган вилоятлар қаторидан ўрин олаётганлигини, бунда хорижий сармоядорларнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини, фармацевтика саноати тармоғининг кенгайиши натижасида авваллари четдан келтирилаётган ўнлаб дори-дармон ва тиббиёт буюмлари юртимизда тайёрланаётганлигини, "AX MEDIKAL FARM" МЧЖ қўшма корхонаси бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижадорлигини таъминлашда ўз мақеига эга бўлишини қайд этди.

Хитойлик сармоядор, жаноб Зоу Шаохуа эса давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик равнақ топаётганлиги, вилоятда амалга оширилаётган янги лойиҳалар келгусида ижобий самаралар беражаги хусусида гапирди.

- Уйчидаги корхонага энг замонавий андозалар даражасида маҳсулот ишлаб чиқарувчи, ғоят такомиллашган технологияларни ўзида мужассам этган серунум дастгоҳ ва анжомлар ўрнатилди. Бу катта ишларнинг бошланиши халос. Яқин орада қувватларни янада ошириш ва маҳсулот турларини кўпайтиришни ният қилганмиз, - дейди жаноб Зоу Шаохуа.

Тақдимотдан сўнг жамоатчилик вакиллари корхонанинг маҳсулот тайёрлаш жараёни билан танишишди. Кенг ва ёруғ цехларга ўрнатилган автоматик тарзда ишловчи дастгоҳ ва жиҳозларни маҳаллий аёллар моҳирона бошқариб туришибди.

- Косонсой тиббиёт коллежини тамомлаганман. Янги корхона шарофати билан ишга жойлашдим. Бундай имконият яратилиб берилганидан ғоят мамнунмиз, - дейди қадоқловчи Муаззам Тожибоева.

Шундай қилиб, қиймати 2 миллион 300 минг АҚШ доллари бўлган ло­йиҳа амалга оширила бошланди. Йилига 40 миллард сўмлик маҳсулот тайёрладиган корхонанинг илк босқичида 50 та иш ўрни яратилди. Тез орада бу миқдор икки баробар ортади. 2020 йилга бориб қувватлар янада ўсиб, тиббиёт инфузион системаларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.