Вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида Республика  ихтисослаштирилган  Дерматовенерология  ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази  билан ҳамкорликда "Дерматология - амалиёт мактаби" мавзуида семинар ва "Маҳорат дарс"лари ўтказилди. Унга  шаҳар ва туманлар дерматовенерологлари ҳамда соҳага оид врач-лаборантлари  таклиф қилинди.

Тадбирда  РИДВваКИАТМ етакчи илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор  Акром Раҳматов "Замонавий дерматокосметология, туғма ирсий касалликлар ва  терининг сурункали  касалликлари" тўғрисида маъруза қилди. Профессор бевосита шу ернинг ўзида  мавзуларни амалиёт билан  уйғун ҳолда олиб борди. У семинар жараёнида маҳаллий мутахассислар билан биргаликда шаҳар ва туманлардан келган тери-таносил хасталигига чалинган беморларнинг тиббий кўригини ҳам ўтказди.

- Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 июлдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида дерматовенерология хизматини янада ривожлантириш бўйича чора тадбирлар тўғрисида"ги  қарори ижросига бағишланганлиги билан ғоят аҳамиятлидир, - дейди вилоят тери-таносил касалликлари бош врачи Яҳёжон Айтуғдиев. - Бундан кўзланган асосий мақсад эса чекка ҳудудлардаги мутахассисларнинг маҳоратларини ошириш ва янгиликлардан хабардор этиб, касбий кўникмаларини мукаммаллаштиришдир.

Манзура ЭРГАШЕВА.