Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ кучли ижтимоий ҳимоя тамойилига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш кўлами йил сайин ортиб боряпти.

Маълумки, бу йўналишдаги хайрли ишлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги томонидан мувофиқлаштирилади. Бугунги суҳбатдошимиз мазкур агентликнинг Наманган вилоятидаги бўлими бошлиғи Нурмуҳаммад Турғунов.

Н. Турғунов жорий йил май ойида ушбу лавозимга тайинланган. Унга қадар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишни ташкил этиш шўъбаси мудири эди.

- Нурмуҳаммад Собитович, Сиз раҳбарлик қилаётган тузилма зиммасига ғоят хайрли вазифалар юкланган. Яъни, энг савобли ва эзгу фаолият билан шуғулланилади. Суҳбатимиз аввалида тиббий-ижтимоий хизматнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунча берсангиз.

- Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу йўналишдаги хизматлар самарадорлигини оширишга устувор аҳамият берилмоқда. Бинобарин, муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг асосий вазифаси ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди.

Фармонга мувофиқ, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштиришга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг ягона сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, ногиронликни белгилашнинг кенг қамровли ягона тизимини яратиш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг хизмат кўрсатиш бў­йича фаолиятини ташкил этиш, муҳтож шахсларни протез-ортопедик буюмлар, реабилитация техник воситалари билан таъминлаш, тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати, ногиронлиги бўлган шахс­ларни реабилитация қилиш фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш ва уларни мувофиқлаштириш каби вазифалар юклатилган.

- Вилоятда бу йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр юритсангиз?

- Ҳозир вилоят тиббий-ижтимоий хизматлар бўлими ҳамда унинг шаҳар ва туманлардаги шўъбаларини шакллантириш жараёнлари якунланган. Салкам 300 нафар ходимга эгамиз. Президентимиз Фармонида белгиланган вазифалар ижросига изчил киришганмиз. Вилоятимиз бўйича 2600 нафардан зиёд ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Ёлғиз яшовчи инсонлар рўйхатга олинган ва уларга ижтимоий ходимлар бириктириб қўйилган.

Ёлғиз яшовчи отахон-онахонлар, нафақахўрлар ва ногиронлиги бўлган шахс­лар 15 турдаги меъёрлаштирилган озиқ -овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминланиб келинмоқда. 297 нафар ижтимоий ходимлар уларнинг уйларига бориб узлуксиз ижтимоий хизмат кўрсатиб турибди. Бундан ташқари, вилоятдаги барча ёлғиз яшовчи қариялар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди.Уларнинг 800 нафарга яқини амбулатор, 798 нафари уй шароитида ва салкам 300 нафари шифохоналарда соғломлаштирилди.

- Яхши. Муҳтож шахсларни протез-ортопедик буюмлар, реабилитация техник воситалари билан таъминлаш масалалари қандай ҳал этиляпти?

- Бу борада ҳам ижобий натижаларга эгамиз, десам муболаға қилмаган бўламан. Жорий йилнинг ўтган даврида шу турдаги воситаларга эҳтиёж сезаётган 2387 киши рўйхатга олинди. 2019 йилнинг олти ойи давомида вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, ҳомий ташкилот ва корхоналар кўмагида эҳтиёжмандларга 750 дан зиёд ногиронлиги борлар учун аравача, 328 та эшитиш мосламаси,108 жуфт қўлтиқ таёқ,112 дона ҳасса,11 дона махсус ҳасса, 23 дона тирсакли ҳасса, 8 дона юриш мосламаси ва бошқа реабилитация техник воситалари олиб берилди.

- Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни соғломлаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирганда нималар дейиш мумкин?

- Бу тоифага мансуб фуқароларнинг дам олиши ва саломатлигини мустаҳкамлаши учун ҳам доимий ғамхўрлик қилинмоқда. Биринчи ярим йилликда вилоятимиздаги сиҳатгоҳга имтиёзли йўлланма олиш ҳуқуқига эга салкам икки минг нафар Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар санатория­лар, дам олиш уйларига юборилди.

- Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг фаолияти устидан назорат олиб бориш бўлимнинг асосий вазифаларидан. Шу ўринда уларнинг моддий-техник имкониятларини ривожлантириш борасида қандай ишлар қилиняпти?

- Попдаги "Мурувват" интернат уйи бино ва иншоотлари таъмирталаб бўлиб қолганди. Икки йилдирки, муассасада Инвестиция дастурига мувофиқ қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Ўтган йили 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига ошхона, клуб, икки қаватли бинолар ва бошқа иншоотлар реконструкция қилинди. Жорий йилда эса 7 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари кўзда тутилган. Айни пайтда ишлар жадал олиб борилмоқда.

Қисқаси, зиммамизга юклатилган вазифа ғоят масъулиятли. Бирор бир йўналишдаги фаолиятда сусткаштликка йўл қўйиб бўлмайди. Чунки, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдиришга ҳаққимиз йўқ.

- Суҳбат учун ташаккур.

Абдулла ҒОЗИЕВ.