Вақт ҳамиша олға қараб одимлашни, эзгу орзулар сари изчил ва фаол интилишни тақозо этади. Буни чуқур англаган ҳолда астойдил ҳаракат қилаётган халқимиз яратувчилик ва яшнатувчилик соҳасида катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Барчанинг шу кеча - кундуздаги мақсад-муддаоси истиқлол байрамини ҳар қачонгидан кўра ҳам баланд руҳ ва аъло кайфиятда нишонлаш. Ҳозирда ҳар биримизнинг диққат-эътиборимиз Президентимизнинг 2019 йил 8 июль кунги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида қўйилган вазифаларнинг тўлақонли ижросига эришишга қаратилмоқда.

Бугун мамнуният билан айта оламизки, қарорда алоҳида таъкидланганидек: юртимизда тинчлик ва барқарорликни мус­таҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган вазифалар аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожига кони имкониятлар очиб бериш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларимизнинг ижобий натижалари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Ватан бу - она каби ягона ва бебаҳо гўша. Унинг тинчу омонлиги халқимизнинг бахту саодати бардавомлигининг кафолати. Шундай экан, мазкур масала ҳаммамиз учун ҳар вақт муҳимдан муҳим бўлиб тураверади. Республика байрам комиссияси томонидан "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" деган бош ғояни ўзида мужассамлаган ташкилий-амалий, маънавий маърифий ҳамда тарғибот -ташвиқот ишлари дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" давлат дастури, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла", "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажагимиз", "Беш ижобий ташаббус" каби муҳим дастурлар ижроси ва режаларнинг натижалар касб этиши айни пайтдаги фаолиятимиз асосини ташкил қилмоғи зарур.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида байрамолди тарғибот-ташвиқоти тобора қизғин тусга кирмоқда. Белгиланган тадбирларга кўра, ҳудудларни кўргазмали панно ва баннерлар билан безатиш, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин олиб бориляпти.

Биз яхши биламизки, соғлом одамнинг руҳи баланд ва кайфияти чоғ бўлади. Шифокорларимизнинг ҳаракатлари халқимизнинг сиҳат-саломатлигини янада астойдил муҳофазалашга йўналтирилган. Хушмуомалалик, юқори малакали ва сифатли муолажани амалга ошириш, коррупцияга барҳам бериб, бетаъма ва беминнат хизмат кўрсатиш ҳар бир врач ҳамда ўрта тиббиёт ходимидан қатъий талаб қилинмоқда.

Истиқлолнинг 28 йиллиги шарафига янги-янги давлат ва хусусий муассасаларнинг очилиш маросимлари, тақдимот анжуманлари ташкилланмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимизни соҳадошларимиз, албатта, ҳар йилгидек ёруғ юз билан кутиб олиш мақсадида ҳалоллик ва фаолликни ўзлари учун катта шараф ҳисоблашади. Истиқлол тантаналари нашидасини соғлом халқ билан бирга шоду ҳуррамликда баҳам кўришдек эзгу ниятлари ижобатига эришаверишади.