Маълумки, ҳар йили шу аснода соя-салқин, сўлим гўшалар болаларнинг ёзги дам олиш оромгоҳлари келажагимиз ворислари бўлмиш ёшлар билан гавжум бўлади.

Аждодларимиздан қолган пурмаъно ҳикмат бор: "Бекорчидан худо безор". Айниқса, мактаб ўқувчилари ёз фаслида бўш ва мақсадсиз юришлари туфайли йўқ ердан муаммо келтириб чиқармайди" деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Наманган вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига қарашли Янгиқўрғон туманининг Кўкёр қишлоғи яқинидаги баҳаво ҳудудда жойлашган "Камалак" болалар ёзги дам олиш оромгоҳининг 49 кишилик жамоаси ҳам айнан ана шундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида фаолият олиб бораётир.

Барча қулайликларга эга олтита ётоқхона, маънавият хонаси, кутубхона, саккизта ўйин павильонлари, концерт зали, сузиш ҳавзаси, душхона, бир пайтнинг ўзида шахмат-шашка, стол тенниси, бадиий гимнастика, қўл жанги, таэквандо, бокс, футбол, волейбол ва баскетбол билан шуғуллуниш мумкин бўлган спорт иншоотлари оромгоҳнинг 400 нафар тарбияланувчилари ихтиёрига бериб қўйилган. Шунингдек, моҳир қўллар, ёш табиатшунослар, ёш мусаввир, зардўзлик, каштачилик, ёш китобхон, жажжи раққоса, инглиз ва рус тили тўгаракларининг мунтазамлиги йўлга қўйилган. Жамоадаги 30 нафар малакали тарбиячи-педагоглар зиммаларидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда ёшларни ҳар томонлама соғлом ва маънан етук улғайишларига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Айниқса,Наима Мирзақаюмова, Азимжон Раззоқов, Миржалол Раззоқов, Шавкат Мадраҳимов каби жонкуяр ва малакали педагогу тўгарак раҳбарлари дам олувчи ёшларни ҳар томонлама ҳордиқ чиқариб, саломатликларини тиклашлари йўлида жонбозлик кўрсатаётганлари таҳсинга лойиқ.

Оромгоҳнинг тозалиги, саранжом-саришталиги, тўрт маҳал иссиқ овқат ва бир маҳал сутли чой билан таомланадиган 250 ўринли ошхона, озиқ-овқат, мева ва полиз маҳсулотлари сақланадиган омборхоналарнинг санитария-гигиена талаблари даражасида жиҳозланганлиги, ҳудуд мустақил давлатимизни мадҳ этувчи рамзлар, панно, она-Ватанга муҳаббат, ўзаро ҳурмат, одамийлик, камтарлик, келажакка ишонч руҳида тарбия­лайдиган шиор, ҳикматли сўзлару байроқчалар билан безатилганлиги кишига ҳузур бахш этиши тайин.

Ҳамшира Нилуфар Йўлдошева ҳамда бош етакчи Азимжон Раззоқов ҳамроҳлигида оромгоҳ фаолияти билан танишар эканмиз, тиббиёт хонасида биринчи ёрдам ва муолажа учун 42 турдаги дори-дармон ва уларни сифатли сақлаш учун музлаткич, зарур бўлганда тўрт нафар беморни қабул қиладиган алоҳида хона, қизларнинг шахсий гигиена хоналари, фавқулоддаги холат учун илон заҳри ва қора қурт зардоблари ҳам мавжуд эканлигининг гувоҳи бўлдик.

- Масканимиздаги дам олувчи ёшларнинг соғлиги қатъий назоратда, - дейди биз билан суҳбатда "Камалак"нинг врачи Саодатхон Йўлдошева. - Биз уларни  доимо соғлом бўлишларини таъминлаш учун жисмоний тарбияни кучайтириб, турли спорт мусобақаларида фаолликларига эришяпмиз. Мақсадимиз болалар таътилни мароқли ўтказиб, ўқув муассасаларига янги куч-қувват билан боришларига пухта замин яратишдир.

Қамбар ҲАЙДАР.

Янгиқўрғон тумани.