Меҳнат инсонни улуғлайди. Ишлаган, интилган, изланган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Орамизда бор имкониятини ишга солаётган, бировдан ёрдам кутмай, рўзғорининг кам-кўстини тўлдираётган, ҳалол меҳнати орқали ҳурмат қозонаётган инсонлар кўплаб топилади. Ана шундайлардан бири Матлуба опа Қирғизбоева Учқўрғон туманидаги Қайқи қишлоғининг "Шодлик" маҳалласида яшайди. Маҳалла фуқаролар йиғини котибаси Насибахон Хўжакелдиева ҳамроҳлигида опанинг уйига йўл олдик.

Бу хонадонга кириб борган кишининг баҳри-дили очилади. Ҳовли саранжом-саришта. Анвойи гуллардан кўзингиз қувнайди. Уйлар замонавий усулда қурилган. Мўъжазгина томорқадан оқилона фойдаланилади. Қозонга тушадиган барча маҳсулотлар ҳовлининг ўзида етиштирилади.

- Нафақада бўлсам-да, қараб ўтирмайман. Туман тиббиёт бирлашмасида ҳисобчи бўлиб ишлайдиган ўғлим, ҳамшира келиним билан маслаҳатлашиб, икки сотих ерда иссиқхона қурдик. Унда помидор, бодринг етиштиряпмиз. Озгина ҳафсала қилсангиз, ҳеч гап эмас экан. Яхшигина ҳосил олаяпмиз. Эҳтиёжимиздан ортганини қўни-қўшниларга, дўконга чиқарамиз, - дейди опа биз билан суҳбатда.

Умрини эл саломатлигини сақлаш ишига бағишлаган М. Қирғизбоева 1974 йилда Наманган тиббиёт билим юртини тамомлаб, қишлоқ касалхонасида иш бошлаган эди. Хосиятхон Алихонова, Фаридахон Қозоқова, Башоратхон Шерматова каби устозларидан касбининг сир-асрорларини ўрганди, уларнинг ўгитларига қулоқ тутди. Бир жамоада ўттиз икки йил ишлаб, ҳурмат-обрў топди. Ҳамқишлоқлари дардига малҳам бўлди. Кўплаб ёшларга устозлик қилди.

Ҳаёт ҳеч қачон бир текисда давом этмайди. Унинг қувончу ташвишлари, синову паст-баландлари кўп. Турмушнинг қи­йинчиликлари, тақдирнинг кутилмаган зарбалари Матлуба опанинг иродасини бука олмади. Бардошли аёл буларнинг барини меҳнат билан енгиб ўтди. Турмуш ўртоғи Абдулбоқи ака Ҳасанов 40 ёшда бевақт вафот этган эди-да...

Йиллар кетидан йиллар ўтди. Фар­занд­лар ўсиб улғайди. Опа яқинлари, ҳамкасблари, маҳалла аҳлининг далдасидан куч олди. Энг аввало, болаларини меҳнаткаш, интилувчан қилиб тарбиялади. Ишдан бўшади дегунча мол-қўй боқиб, деҳқончилик қилди. Дилбандлари онасига кўмакдош бўлишди. Шуларнинг орқасидан фарзандларини ўқитди. Ўғиллари Ривожиддин, Камолиддин, қизлари Зулхумор ҳисобчилик касбини танлашди. Муҳайё эса онаси изидан бориб, ҳамшираликка ўқиди. Уйли-жойли бўлишди. Бугун ҳаммалари эл-юрт хизматида. 9 нафар набиралар бувижонлари атрофида парвона.

Матлуба опа 2005 йилда нафақага чиққан эди. Аммо бир зум ҳам тинч турмайди. Рўзғорнинг барча юмушларида фарзанд ва набираларга бош-қош. Оила даромадини кўпайтириш учун улар тинмай изланишади. Хонадонда қўй, товуқ боқилади.

Яқинда бу оила маҳаллада тикувчилик цехи очиб, 3 нафар ишсиз қизларга иш ўрини яратди. Опа бундай ҳайрли юмушлари билан набираларини ҳам меҳнатсеварликка, ишбилармонликка ўргатаяпти. Матлуба опа каби аёллар бор экан, ҳаётимиз тобора фаровон бўлиб бораверади.

Адашали БЕКМИРЗАЕВ,

Учқўрғон тумани.