Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўтказилган ҳудудий саралашида ғолиб чиққан 14 нафар ўрта тиббиёт ходими "Ҳамшира - 2019" республика кўрик-танловининг якуний босқичида иштирок этиш учун Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг муҳташам залида ҳозир бўлди. Кўрик-танлов иштирокчилари бешта йўналиш бўйича ўз иқтидорларини яна бир бор намойиш этдилар.

- Ҳозирга қадар наманганлик ҳамширалар икки бор биринчи ўринни, беш бор иккинчи ўринни эгаллаганлар, - дейди ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансурова. - Бугунги беллашувга ҳам ғоят пухта тайёргарлик кўрилган.

Райҳонанинг айтганича бор экан. Мазкур нуфузли кўрик-танловда вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Дилафрўз Паттаева барча ҳамкасбларидан устунлик қилиб, мамлакатимизда тенгсиз ҳамшира эканлигини яна бир бор намойиш этди ва мутлоқ ғолиб, деб топилди.

Дилафрўз асли янгиқўрғонлик, тақдир тақозосига кўра Фарғонадаги ҳарбий қисмлардан бирида врачлик қилаётган Муҳаммаджон ва ҳамшира Турсунойларнинг иккинчи фарзанди бўлиб дунёга келди, тарбия­ланди, вояга етди.

Турли ёшдаги бемор қўни-қўшни, муолажа илинжида узоқдан бўлса-да қавму қариндошлар ҳам уларнинг хонадонига инқиллаб-синқиллаб келиб турарди.Гоҳида беморларнинг "вой- вой"ларини кўрганда мурғак қалби билан уларга ёрдам зарур эканлигини англар, мушкулларига ярамаётганидан айбдордек ҳис қилар ва ўзини қаерга қўйишни билмай қоларди. Халоскор ота-онасининг кўмагида дарддан фориғ бўлганлар "раҳмат" дейишганида, хурсандлигидан этлари жимирлаб кетарди. Баъзан бирор муносабат билан оқ халат соҳиблари уйларига йиғилишиб, беморни даволаш усуллари ҳақида суҳбат қурганларида эринмай тинглар ва нималарнидир илғаб олиш пайидан бўларди...

Дилафрўзнинг ота-онаси ўқимишли кишиларни хуш кўрадиган, фарзандларини ҳам ўқимишли бўлишини орзу қилган ва қизларига гўдаклигиданоқ ўқишга, яхши касб эгаси бўлишга шароит яратиб, қўллаб-қувватлашган. Санъатга, мусиқага, тасвирий санъатга, китоб мутолаасига шайдо қизалоқ ҳаётини ота-онаси каби халоскорлик касбига бағишлашга аҳд қилди. У мақсадини амалга ошириш йўлида кўп изланди, ўқиди ва ниҳоят 2015 йили Наманган тиббиёт коллежини тамомлаб, Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ишга келди.

Нозик жуссаси ўзига ярашган Дилафрўз қисқа вақт ичида ширинсўзлиги, меҳрибонлиги, ишчанлиги, тартиб-интизомга қатъий риоя қилиши билан жамоадошларининг ҳурматига сазовор бўлди.

Феъли-атворидаги майинлик, меҳрибонлик отасидан юққан Дилафрўз мақсадига етмагунча изланишдан қайтмайдиган, мутолаа қилиб зерикмайдиган, савол бериб чарчамайдиганлар тоифасига мансуб қиз. У қўлига китоб тушса, ўқимай қўймас, ўқишга иштиёқ, изланиш унинг кундалик юмушига айланди. У 2016 йили олийгоҳга ҳужжат топширди, бироқ айрим сабабларга кўра унга ўқиш насиб этмади. Аммо умидсизланмади, олий маълумотли оқ халат соҳибаси бўлишдек шарафли касб этагидан тутиш "дарди" билан яшамоқдаки, унинг босиб ўтган йўлини ҳавас қилса арзийди.

Нутқи равон, мақол ва маталларни хуш кўрувчи Дилафрўз 2017 йил ўтказилган "Ёш сиёсатчи" кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичида 1-ўринни олиб, республика танловида иштирок этган. Гарчанд ўрин ололмаган бўлса-да "Энг ёш сиёсатчи ҳамшира ва энг яхши нотиқ" номинацияси бў­йича ғолибликни қўлга киритган. Шунингдек, у Ўзбекистон ХДП туман кенгаши "Истиқбол" ёшлар қаноти раиси вазифасини ҳам моҳирлик билан уддасидан чиқаётир.

- Қизим жуда ёшлигидан зеҳнли, тиришқоқ, ҳамма нарсани билишга интилувчан, сер­ғайрат ва серҳаракат, ўзининг даражасидан ҳам кўпроқ нарсаларни билишга қизиқувчан бўлиб улғайди, - дейди Дилафрўзнинг отаси, "Шуҳрат" медали соҳиби, истеъфодаги ҳарбий врач Муҳаммаджон Юнусов. - Ўқиш ва ёзишдан асло эринмайди. Ҳалоллик бор жойда барча инсоний хислатлар бўй-басти билан намоён бўлаверади. Қизимнинг бугунги муваффақияти ҳам ана шу ҳалолликдан бир нишона...

"Сен ўз дангасалигингни ўлдир, акс ҳолда у сенинг орзуларингни ўлдиради" шиорига амал қилиб яшаётган, келажаги порлоқ Дилафрўз билан суҳбатимиз асносида сездимки, у бирон ишга қўл урмоқчи бўлса, аввал жиддий тайёргарлик кўради, ўзига зарур маълумотлар йиғади. Кўнгли тўлмаса, албатта яна китобга мурожаат қилади. Касби, бажараётган вазифаси шуни тақазо этади. "Оқ халат кийишнинг ўзи кам", деб ҳисоблайди суҳбатдошим.

- Инсонни бемор бўлмасдан аввал саломатлигини тиклаш чораларини ахтариши керак, - дейди Д. Паттаева. - Буни эса илмсиз амалга ошириб бўлмайди.

Қамбар ҲАЙДАР.

Янгиқўрғон тумани.