Маълумки, жорий йил 11 мартда "Фуқароларнинг ре­продуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида"ги қонун қабул қилинган. Унда репродуктив саломатликни муҳофазалаш, оилада соғлом фарзандларни дунёга келтириш ва камолга етказиш борасидаги эзгу қадриятларни эъзозлаш, бу борада кўрсатилаётган тиббий хизматни халқаро андозалар даражасига олиб чиқиш билан боғлиқ муҳим вазифаларни ҳал этишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

Шу боис ҳам мазкур йўналишдаги хайрли саъй-ҳаракатларни омма ўртасида кенг тарғибот ва ташвиқот қилиш, аҳоли саломатлиги, оналик ва болалик тиббий-ижтимоий муҳофазаси йўлида олиб борилаётган ишларга жамоатчилик эътиборини кучайтириш мақсадида Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази томонидан "Соғлом аёл ойлиги" тадбири ўтказилмоқда.

Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада "Соғлом аёл ойлиги"ни ўтказиш масалаларига бағишланган анжуман ташкил этилди. Унда оналик ва болалик муҳофазасига дахлдор муассасалар вакиллари қатнашдилар.

Анжуманни Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Дилмурод Исмоилов олиб борди. Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази дермотовенерологи Димитрий Киряков ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедовалар тиббий-ижтимоий тадбирни амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар ҳақида чиқиш қилишди.

Анжуман давомида "Соғлом аёл ойлиги"ни муваффақиятли амалга ошириш юзасидан атрофлича фикрлашиб олинди. Мутахассислар қатнашчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар беришди. Тиббий тадбир 6 июлга қадар давом этади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.