Давр шитоб билан ўзгариб бормоқда. Қарашлар, тутумлар, услублар ўзгаряпти. Энди иш юритишдаги эскича андозаларга мутлақо чек қўймоқ жоиз, яъни кабинетда ўтириб, топшириқлар берилгани  билан уларнинг ижросини таъминлаш қийин кечади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти тиббий хизмат самарадорлигига эришиш, аҳолининг соҳа фаолиятидан рози қилиш учун шаҳар ва қишлоқлардаги қуйи тизимлар ишини, маҳаллалар аҳлининг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш амалиётини жорий этди.

Бошқарма масъул ходимлари ҳар куни у ёки бу туманларга  боришиб, тиббий хизматнинг қай даражада ташкил этилаётганлигини жойида мониторинг қилмоқдалар. Тезкор тадбирлар натижаси ўлароқ мавжуд камчиликларни тугатиш, тиббиёт ходимларининг масъулиятини ошириш чоралари кўрилаётир. Илғор шифокор ва ҳамширалар рағбатлантириляпти, зиммасидаги вазифани лозим даражада уддалай олмаётганлар интизомий жазога тортилмоқда.

Мониторинг гуруҳи аъзолари Норин туманида бўлишди. Норинкападаги 19-оила поликлиникаси фаолияти кўздан кечирилди. Муассасада фуқаролар учун яратилган шароитларга эътибор қаратилди. Патронаж ҳамширалар иши кузатилганида уларнинг белгиланган ҳудудларда астойдил хизмат кўрсатишаётганлиги маълум бўлди. Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ҳамкасбларига ўрнак кўрсатаётган ўрта тиббиёт ходимларидан бир гуруҳини  мукофотлаш юзасидан таклиф билдирди.

Ўрганиш чоғида "Бодомзор", "Учтепа" ва "Чўжа" қишлоқ врачлик пунктларида олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслиги қайд этилди. Жумладан. "Бодомзор" қишлоқ врачлик пунктида ободонлаштириш ишлари тугалланмаган. Учтепалик тиббиёт ходимлари фаолияти талаблар даражасида, деб бўлмайди. Оналик ва болалик муҳофазаси бўйича амалга оширилаётган ишлар таъсирчанлиги сезилмаяпти. "Чўжа" ҚВП фаолиятини такомиллаштириш зарур. Патронаж хизматини изчил  йўлга қўйиш даркор.

Тумандаги бирламчи тизим муассасалари моддий-техник имкониятларини ривожлантириш, қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш масалалари туман ҳокимлиги мутасаддилари билан муҳокама қилинди. Мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан келишиб олинди.