Солижон МЎМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Президентимизнинг Наманганга ҳар галги ташрифлари ўзгача руҳда кечади. Халқимиз учун беқиёс бунёдкорлигу ёрқин истиқболлар эшигини очади. Бу сафаргиси эса янада файзли ва янада илҳомбахш тус олганидан каттаю кичик фахру ғурур туйдик. "2019 йил - Наманган йили бўлади", дея билдирган ишонч­лари ҳар биримизнинг кўнглимизни яйратиб, зиммадаги масъулиятимизни ҳар қачонгидан ошириб юборди.

Мен бугун ҳеч муболағасиз айта оламанки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан бирга вилоятимизга чинакамига барака ёғилиб келди. Чунончи, "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури рўёби учун давлатимиз томонидан 1 триллион сўм йўналтирилиши айтилди. Вилоятимиз ҳар бир туманлари маркази ободончилигига 20-25 миллиард сўмдан, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасидаги қишлоқ ва маҳаллаларга қўшимча 2 миллиард сўмдан маблағлар ажратилмоқда. Бу, халқимизнинг турмуш тарзи кескин ўзгаради, ҳаёти тобора фаровонлашади, дегани эмасми?!

Президентимизни "Чортоқ ресортс" санатория-соғломлаштириш марказидаги кенг кўламли ишлар ғоят мамнун этди. Чортоқда яна кўплаб санаториялар ташкил этиш, уларни арзон, ўрта ва қиммат тарзда таснифлаш орқали аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш, рақобатни таъминлаш ҳисобига хизмат нархини тушириш бўйича муҳим топшириқларни бердилар. Шу ерда қадоқланаётган Чортоқ шифобахш сувини 20-30 миллион донагача кўпайтириш билан, йодга бой, инсон саломатлиги учун сернаф ичимликни юртимиздаги мактабгача таълим муассасалари болаларига, ёзги оромгоҳларга, шифохоналару ижтимоий дорихоналарга, супермаркетларга етказиб бериш вазифаси қўйилгани айни муддаодир.

Болаларимиз - бизнинг келажагимиз. Уларни мактабгача таълим муассасаларида тарбия­лаш имкониятларини кенгайтириш, шароитларини яхшилаш ғоят муҳимлигини таъкидлаган Президентимиз бу борада Наманганда ҳали кўп ишлар қилиниши зарурлигини алоҳида уқтирдилар. Айни пайтда вилоятимиз боғчаларига қатнаётган болалар бугунги кунда шу ёшдагиларнинг 32 фоизига тўғри келмоқда. Йил охиригача бу кўрсаткични 62 фоизга кўтариш мўлжалланмоқда.

Наманган шаҳридаги "ANA­MED" хусусий диагностика маркази фаолиятини кўздан кечирган мамлакатимиз раҳбари тўғри ташхис қўйиш ва касалликларни эрта аниқлаш учун бундай диагностика марказларининг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

2019 йил вилоятимиз тиббиёт тармоғи учун ҳам инновацион ғояларни изчил амалга ошириш йили бўлиши учун ҳар қачонгидан астойдил ва серсамара фаолият юритишга барча соҳадошлар беҳад бурчлимиз. Наманган шаҳридаги собиқ травматология шифохонаси биносида янги туғруқ комплекси иш бошлаши учун барча зарурий чора-тадбирлар кўрилади. Вилоят эндокринология диспансери янги бинога кўчирилиб, унинг ўрнида 150 ўринли болалар шифохонаси очилади. Ҳар бир туманда болалар ва туғруқ бўлимлари кенгайтирилади. Инвестиция дастурига кўра олиб борилаётган ишлар тобора жадаллаштирилади.

Тараққиётнинг янги босқичида қоғоздаги лойиҳалар ҳаётга қанча тезроқ кўчирилса, одамлар ҳаракатларимизнинг натижадорлигидан шунча тезроқ баҳраманду хурсанд бўлаверадилар. Мақсадимиз амалда шунга эришмоқдир. Ана ўшанда наманганликлар Президентимизнинг юксак ишончларига муносибликларини ёрқин намоён этган бўладилар. Чунки, бизга кўрсатилаётган рағбатлар ёғдусидан кўнгилларимиз равшану чароғон. Бу ҳамиша кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшаверади.