Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар Инвестиция дастурига мувофиқ ривожлантирилаётганлиги боис йил сайин замонавий қиёфага кириб бормоқда. Бинолар реконструкция қилиниши ва давр талаблари асосида яратилган лойиҳалар асосида барпо этилаётган объектлар туфайли аҳолига яратилаётган шароитлар ҳам тобора яхшиланмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, қурилиш-таъмирлаш ишлари кўламининг ортишига саховатпеша ишбилармонлар ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Марказий шифохона ҳовлисида бунёдга келган беминнат хизмат шохобчаси ана шу эзгу саъй-ҳаракатлардан биридир. Гап тиббиёт масканида даволанаётган беморларнинг яқинлари учун қад рост­лаган маҳобатли кутиш даргоҳи ҳақида бормоқда. Уни "Олмос якка тол" фермер хўжалиги раҳбари Иброҳим Султонмуродов ўз ҳисобидан қурдириб, элимизнинг суюкли айёми - Наврўз арафасида  ҳам­юртларига туҳфа этди.

Янги даргоҳ ўзига хос лойиҳа асосида  қурилган ва шифохона биноларига уйғун равишда атрофга кўрк бағишлаб турибди. Ўз яқинлари саломатлигидан бохабар бўлиб турган кишилар вақтларини янги масканда ўтказишмоқда. Юмшоқ ўриндиқлар билан жиҳозланган шинам кутиш зали, тамаддихона, телевизор, адабиётлар, газета ва журналларнинг янги сонлари улар ихтиёрида. Ойнаванд деворларнинг тўрт тарафига ўрнатилган тасвирий тарғибот воситалари эса аҳоли маънавиятини юксалтиришда қўл келиши табиий.

- Илгари шифохонада даволанувчиларга барча имкониятлар муҳайё этилгани билан бу ерга келган   беморларнинг қариндош-уруғлари учун деярли шароит йўқ эди. Кечалари зинапояларда туриб тонг оттирилган кунлар ҳам бўлган. Тадбиркор йигитнинг савобли иши ибратга лойиқ, - дейди Тоймас жомъе масжиди имом-хатиби Ибодулло Яндашев.

Яқинда хизмат шохобчасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар юртимизда ишбилармонлик ҳаракатига кенг йўл очиб берилаётганлиги, айниқса мулкдорлар қўллаб-қувватланаётганлиги самараси ўлароқ тадбиркорларнинг янги авлоди юрт равнақига сидқидилдан ҳисса қўшаётганликларини мамнуният билан таъкиладилар.

- Иброҳим Султонмуродов замон билан ҳамқадам фаолият юритаётган олиҳиммат фермерлардан бири, - дейди меҳнат фахрийси  Абдурашид Убайдуллаев.  - Ҳалол меҳнати, оқилона хўжалик юритиши, ташаббускорлиги ва янгиликка интилувчанлиги билан ер эгаларига чинаккам ўрнак бўлмоқда. Унинг яна бир мақсади шифохона биноларини таъмирланишига ҳам ўз маблағларини йўналтиришдан иборат. Бу -  эл манфаатини ўйлаётган фидойи инсонга хос фазилатдир.

Дарҳақиқат, ер билан тиллашиб, унинг бағридан дуру жавоҳир ундираётган Иброҳим Султонмуродов бугун кўп тармоқли фермер хўжалигининг раҳбаридир. Хўжалик пахта ва ғалладан муттасил мўл ҳосил етиштирмоқда. Чорвачиликдан мўмай даромад кўрмоқда. Яратган боғу роғлари ҳам мева бермоқда. Унинг интилишлари билан қишлоқ инфратузилмаси такомиллашмоқда.

- Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун бундан-да кўп ишлар қилишимиз лозим, деб ҳисоблайман. Шунинг учун олинаётган даромадни янада ошириш, янги инновацион лойиҳаларни астойдил жорий қилиш устида иш олиб боряпмиз, - дейди И.Султонмуродов.

Биз жонажон Ватанимиз равнақи, эл бахту саодати йўлида жонбозлик кўрсатаётган Иброҳимжон Султонмуродовнинг ниятлари ижобат бўлишини тилаймиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.