Нанайлик Мирзамаҳмуд ака ва Маҳбубахон аялар хонадонининг кенжа фарзанди Кипоятхон Намангандаги тиббиёт билим юртининг болалар бўлимини 1986 йили тамомлаган ва йўлланма билан Янгиқўрғон туман марказий шифохонасининг травматология бўлимида меҳнат фаолиятини бошлаган эди.

Истарали, атрофидагиларга меҳрибон, беморларга мулойим ҳамшира қисқа фурсатда жамоада ўз ўрнини топишга улгурди. "Билмаганини сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим" деган пурмаъно ҳикматнинг мағзини чуқур идрок этган Кипоятхон устозлари Абдурашид Ёрқинбоев, Алишер Тожибоев, Ҳусанбой Ўринов каби меҳрибон инсонлар кўмагида касб сирларини эринмай пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилди ва соҳасига оид рисолаларни мутолаа қилиш орқали билимини мунтазам ошириб борди. Унинг бу ҳаракатлари ўз самарасини берди. Эл ичида катта обрў-эътибор топди. Мамай қишлоғи патронаж ҳамшираси вазифасига ишга юборишди.

Изланувчан, тилию дили бир, қалби она юртга муҳаббат ва фидойилик фазилатларига тўла Кипоятхон билими ва ташаббускорлиги билан ҳам­касб­лари орасида ажралиб туради. Айниқса, тасарруфидаги хонадонларнинг ҳар бирига эринмай кириб чиқади. Тозаликка алоҳида эътибор қаратади. Беморларни вақтида шифохоналарга юборилишини таъминлайди. Ногиронлар ва туғруқ ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан кечиктирмасдан ўтказилишига эришади. Натижада, аҳоли ўртасида касалланиш тобора камайиб борди.

- Йигирма етти йилдирки Нанайнинг Қайроқи қишлоғидаги врачлик пунктида патронаж ҳамшира вазифасида ишлаб келмоқдаман, - дейди суҳбатдошим. - Ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз қариялар, турли ёшдаги ногиронлар, ҳомиладор ва кўзи ёриган аёллар, олтимиш ёшдан ўтган пенсионер ва нафақахўрлар ҳолидан хабар олиш, ҳар бир хонадоннинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, вакцинадан кейинги реакция мониторинги каби муҳим юмушларни бажариш ишимнинг асосини ташкил этади. Ҳудудимдаги 171 та хонадонда яшайдиган мингга яқин аҳолининг саломатлиги учун кеча-кундуз масъулман.

Профилактика ишлари муддатида бажарилгани, беморлар ҳолидан вақтида хабар олингани ва тозаликка риоя этилгани сабабли К. Камолиддинованинг тасарруфидаги ҳудудда кейинги бир йил мобайнида юқумли касалликлар қайд этилмади. Натижада 2018 йилнинг "Энг яхши патронаж ҳамшираси" дея эътироф этилди.

Бир қиз, икки ўғилнинг онаси ва бир нафар суюкли набиранинг ардоқли бувиси Кипоятхон оиласида ҳам саранжом - саришталикнинг ёрқин тимсоли. Маҳалладошлари-ю, қўни-қўшниларига ҳамиша ўрнак.

Биз патронаж ҳамширага жорий йилда ҳам эл соғлигини сақлашда қувонч­ли натижаларга эришишини тилаб қоламиз.

Қамбарали ИБРОҲИМОВ.