Аввал хабар берганимиздек, вилоятимизнинг узоқ ҳудудларидаги аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни сифатли тиббий хизматдан самарали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси томонидан замонавий "Мобиль поликлиника" фаолияти йўлга қўйилган эди.

Жаҳон андозалари даражасидаги энг замонавий аппаратлар билан жиҳозланган ИСУЗИ автобусидаги юрма даволаш "муассаса" 11 март куни Косонсой туманининг "Бўстон" маҳалласига етиб келди. Кўз касалликлари диагностикаси ва даволаш учун ихтисослаштирилган "Мобиль поликлиника"чилар сафида вилоят ҳамда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли энг малакали кардиолог, терапевт, акушер-гинеколог, педиатр, лор, эндокринолог, жарроҳ, невропотолог врачлари ҳамда УЗИ ва ЭКГ, лаборатория  мутахассисларидан иборат жамоа эрта тонгдан аҳоли хизматига шай туришди.

"Бўстон"ликларнинг қувончи чексиз. Боиси илгарилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш учун туман марказига ёки оилавий поликлиникага боришган бўлса, энди барча шифокорлару мутахассисларнинг ўзлари уларнинг олдиларига келишиб, тиббий кўрикдан ўтказишяпти. Керакли маслаҳат ва тавсиялар беришяпти. Айниқса педиатр кўригидан оналарнинг мамнунлигини айтмайсизми.

- Фарзандим Улуғбекнинг педиатр кўригидан ўтказдик, - дейди Феруза Рашидова. - Ўғлимда бироз шамоллаш борлигини айтишди ва керакли дори-дармонларни тавсия қилишди.

- Кўриш даражам бироз пасайгандек эди,- дейди Гулхумор Хайитова. - Шифокор ўғлим Фур­қатжон жудаям қулай ва замонавий аппаратларга тушириб, керакли муолажаларни буюрди.

-"Бўстон", аслида 6-оилавий поликлиника ҳудудига киради. Бу ерда 700 нафардан зиёд аҳоли, 119 та хонадон мавжуд. Қишлоқ аҳолисига янада қулай бўлиши учун "Мобиль поликлиника" хизматини оилавий поликлиникага эмас, маҳаллада ташкилладик. Боиси, манзилни яқинлаштирдик, энди ҳеч бир хонадонда тиббий кўрикдан ўтмаган инсон қолмайди, - деди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олимжон Қосимов.

"Мобиль поликлиника"да фаолият олиб бораётган тиббий бригада Наврўз байрами арафасида Чортоқ туманидаги Қирғизистон билан чегарадош Хазратшо қишлоғига кўчиб ўтди.

Манзура ЭРГАШЕВА.