Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуаси бу гал вилоят перенатал марказининг шифокору ўрта тиббиётчилари билан гавжум бўлди.

"Ёшлар - келажагимиз" шиори остида ташкилланган марафон Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори ижроси билан уйғунлашиб кетди.

Ёшлар етакчиси Шаҳноза Собитованинг ташаббусини қўллаб - қувватлаган марказ директори Ўзганбой Раҳмоновнинг ўзи ҳам марафон иштирокчисига айланди. 100 нафардан зиёд саломатлик посбонлари қатнашган спорт-соғломлаштириш тадбирида юз метрга югуриш, арқон тортиш мусобақалари ғоят қизиқарли кечди.

Югуриш мусобақасида 1-ўрин Наима Латиповага, 2- ва 3-ўринлар Дилором Убайдуллаева ҳамда Шаҳло Жўраеваларга насиб этди.

Ғолиблар Фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Манзура ЭРГАШЕВА.