дейди 1-шаҳар шифохонаси жарроҳлик бўлими мудири Баҳромжон Убайдуллаев.

 

- Баҳромжон ака, 1-шаҳар шифохонаси жамоасининг вилоятимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишида ўзига хос ўрни ва мавқеи бор. Суҳбатимиз аввалида шу ҳақда фикр юритилса?

- Шифохонамиз ўзининг бой тарихи билан ҳам жуда қадрли. Етук ва малакали устозлар мактаб яратиб кетишган. Эндиликда биз издошлар улар фаолиятини давом эттираётирмиз. Илк фаолияти 1976 йили Маҳмуд Аҳадович Аҳадов томонидан бошланган бўлимимизда ҳозир 6 нафар олий ва биринчи тоифага эга шифокор ҳамда 12 нафар ҳамшира халқимиз хизматида.

Бу ерда 50 турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имкониятига эгамиз. Яъни туғма ва орттирилган (автоҳалокат ёки бирор бахтсиз тасодиф туфайли) касалликлар шулар жумласидандир. Булар ичида энг мураккаб турдагилари буқоқ ва қандли диабетнинг йирингли яралари. Уларни бартараф этиш ҳам айнан бизнинг бўлим жарроҳлари зиммасида. Мана шу икки хасталик шифокордан кўпроқ билим, малака ва тажрибани талаб қилади.

Қолаверса вилоят тиббиёт муассасалари орасида баъзи жарроҳлик амалиётлари фақат бизнинг шифо масканида, аниқроғи бизнинг бўлимда амалга оширилиши ҳам олдимизга катта вазифа, катта масъулият юклаган. Масалан, ошқозон ичак оқмалари, ётоқ яралари пластикаси, остюмилит, яъни суякнинг йирингли хасталиклари, чурраларни аллапластикаси, варикоз касалликларини жарроҳлик амалиётлари айнан шу ерда ўтказилади.

- Ҳозирда вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларининг ҳам моддий-техник базаси яхшиланмоқда. Аниқроғи, пойдевори 1963 йилда қў­йилган шифо масканининг, умуман олганда жарроҳлик бўлими биноси бугунги кун талабларига жавоб бера оладими?

- Албатта, Президентимизнинг соҳага бераётган юксак эътиборлари, бизни умуман қарашларимизни ўзгартириб юборди. Шифокорлар ҳаётида янгича давр ва янгича босқични бошлаб берди, десам янглишмайман. Айниқса ойлик маошларимизни кескин оширилиши, яратилаётган шароитлар ва тўлиқ имкониятлар ўзимизга талабчанликни ошириб, халқимизга намунали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни тақозо этмоқда.

Тўғри, жарроҳлик бўлимининг ҳозирги фаолиятини айнан замон талабларига тўла мос, дея олмайман. Лекин биз имкон қадар мавжуд шароитларимиздан оқилона фойдаланган ҳолда амалиётларни шу ернинг ўзида қўллашга ҳаракат қиляпмиз.

"Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да бизнинг эзгу ниятларимиз рўёбга чиқиши арафасида турибди. Яъни Инвестиция дастури доирасида 2019 йилда мазкур шифохона биноларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қайта қуриш лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу жараёндаги эътиборга молик янгиликлардан яна бири 115 ўринга мўлжалланган, тўрт қаватли (жонлантириш бўлими билан биргаликда) жаҳон стандартлари даражасидаги хирургия бўлими биноси янгитдан қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа биринчи чоракнинг охирларида бошланиши кўзда тутилмоқда. Шу билан биргаликда, барча турдаги жарроҳлик амалиётлари учун зарурий, юқори технологияли тиббий аппаратура ва жиҳозлар ҳам келтирилади.

Бунинг натижасида эса, беморларнинг аввало пойтахт шифохоналарига боришларига асло ҳожати қолмайди. Барча турдаги лапараскоп, артроскоп, қон томирларни стентлаш амалиётларини ўзимизда ўтказишга эришамиз. Қандли диабетнинг йирингли асоратида жарроҳлик кескин камайтирилади.

Биз янги технологияларни қўллаш борасида ҳам кадрлар тайёрлаш масаласига эътиборимизни қаратдик. Ёш жарроҳ Бахтиёр Азизов - ҳозирги кунда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ДВАКТ қўйиш бўйича малакасини оширяпти. Ўзим иккинчи чорак бошида Россия Федерациясининг Саратов шаҳридаги нуфузли тиббиёт масканларидан бирида малакамни янада мукаммаллаштириш ниятидаман.

- Бўлимингиздаги жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтишини таъминлаётган мутахассислар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Албатта, ҳар бир жарроҳнинг жарроҳлик столида инсон ҳаётини хатардан холи қилиш вазифаси туради. Шундай экан, беморлар умрига умр-қўшиш мутахассисдан жуда катта масъулиятни, моҳирлик ва талабчанликни, ўз устида тинимсиз ишлашни, ҳамиша изланишдан тўхтамасликни тақозо этади. Бу борада жамоадаги ҳар бир жарроҳ номини мамнуният билан тилга олган бўлардим.

Айниқса, Олимжон Мубинов, Аҳмаджон Раҳмонов, Абдулҳамид Худойназаров, Одилжон Хожибоевларнинг хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Улар беморларга сифатли хизмат кўрсатишда ҳамиша ҳушёр ва жонсараклар.

Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.