Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида нафақат касалликни даволаш, балки унинг олдини олиш бош мақсадимиз эканлиги алоҳида қайд этилди. Бунинг учун қандай ишларни амалга оширишимизни белгилаб бердилар. Хусусан, қишлоқ жойларда патронаж қамрови сифатини янада яхшилаш ана шулардан биридир.

Тиббий патронаж хизмати инсон саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш ва халқимиз саломатлигини муҳофазалашда муҳим аҳамиятга эга. Патронажлар фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилса, кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, жумладан, она ва бола ўлимининг олдини олиш, касалликларни кескин камайтириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда сезиларли натижаларга эришилади.

Эндиликда патронаж ишларини уч босқичда амалга оширишга киришдик. Биринчи босқичда аҳоли ҳар олти ойда хатловдан ўтказилади. Унда аҳоли орасида патронаж кўмагига эҳтиёжманд қатлам аниқлаб олинади. Иккинчи босқичда патронаж ҳамшира, умумий амалиёт шифокори ва тор мутахассислар иштирокида аҳоли хонадонида мақсадли патронаж тадбирларини ташкил этамиз. Унда патронаж парваришга муҳтож ёлғиз қария­лар, ногиронлар ва ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, 1 ёшгача ва ногирон болалар, ҳомиладорлар, янги туққан оналар патронаж билан қамраб олинади. Мақсадли патронаж ҳар ҳафтада, белгиланган режа асосида ташкилланади.

Учинчи босқичдаги патронаж тадбирларини ташкил этишда бирламчи тиббий-санитария тизими ходимларига вилоят ва республика миқёсидаги даволаш муассасалари ва ихтисослашган илмий-амалий марказлар олимлари яқиндан кўмаклашишлари белгиланган. Бу тадбир эндиликда ҳар ойда ташкил этилиб, ушбу жараёнда сурункали касалликка чалинган, ихтисослашган тиббий кўмакка муҳтож беморларни қамраб оламиз. Беморларни касаллигига қараб амбулатор ёки стацио­нар шароитда туман, вилоят ҳамда республика муассасаларида даволаш чоралари кўрилади. Бунинг учун тиббиёт бирлашмамизда янги тартибдаги патронаж ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва тизимли мониторинг қилувчи махсус ишчи гуруҳини шакллантирганмиз.

Президентимиз раислигида ўтказилган тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида, шунингдек, давлат раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи асносида тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувларда соҳадаги долзарб масалаларга яна бир карра эътибор қаратилиб, патронаж хизматини манзилли йўлга қўйиш бў­йича таклиф ва тавсиялар берилганди. Уларда олдимизга қў­йилган вазифалар асосида иш олиб бораяпмиз.

Туманимизда жами хатлов билан 30 минг киши қамраб олинган. 120 минг 600 нафар одамдан 120 минг 80 (99,5 фоиз) нафарини дастлабки "Ялпи хатлов"дан ўтказдик. Улардан 96 минг 815 (80,6 фоиз) нафари соғлом эканликлари аниқланган. Мақсадли патронажга 23 минг 94 (19,2 фоиз), мураккаб оғир ва ноаниқ беморлар эса 171 (0,1 фоиз) нафарни ташкил этди.

Мақсадли патронаж даврида тумандаги КТМП, ҚОП, ҚВП тиббиёт ходимлари, бириктирилган бўлим шифокор-ҳамширалари билан бирга вилоят Перенатал маркази малакали врачлари ҳам қатнашдилар. Патронаж давомида 23 минг 94 та контингентдан 1422 та муаммо аниқланиб, ўз жо­йида ҳал этилди. 13 нафар беморга республика мутахассислари кўриги учун тавсиялар бердик.

Бугунги кунда мавжуд 156 нафар патронаж ҳамширамиз тўлақонли фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб берганмиз. Уларнинг ҳар бири ойига ўртача 144 та хонадонга кириши кўзда тутилган. Патронажларимизнинг ишларини доимий равишда мониторинг қилиб боришни йўлга қўйганмиз. Якунлар таҳлил этилиб, камчиликларни бартараф этиш, самарадорликни янада ошириш, юқори натижаларга эришаётган ходимларимиз тажрибасини оммалаштириш амалий чоралари кўрилмоқда. Бу борада Нигора Маматова, Нилуфар Асқарова, Ирода Узоқова, Фарход Турғунов, Замира Саматова, Сайёра Хўжамова сингарилар зиммаларидаги юксак масъулиятни теран англаган ҳолда фаолият юритишиб, ҳамкасбларига ибрат бўлишмоқда.

Бир тасаввур қилиб кўринг: шифокор уйингизга келиб, юрак-қон босимини ўлчаяпти. Кейин, хонадондагилар билан суҳбатлашиб, саволлар беради. Тўғри овқатланиш, мушак ва қон айланиши бўйича фойдали маслаҳатларни айтади. Касаллик хавфи юқори бўлган кишини эса зудлик билан поликлиникага мурожаат этишга ундаб, у ҳақдаги маълумотларни батафсил ёзиб олади. Айнан шундай тизим, яъни уйма-уй юриб аҳолини даволаш - патронаж усули ижобий натижалар бериши турган гап.

Обиджон ҚЎЛДОШЕВ,

Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи.