Наманганлик 39 ёшли Баҳромжон Мўминов бир неча ойдан буён бош оғриғидан  азият чекиб келаётган эди. Шифокорлар томонидан турли таҳлиллар қилинди. Ниҳоят, МРТ текширувидан ўтганида ҳаммаси ойдинлашди: унда бош мия ўнг ярим шарлари пешона бўлаги ўсмаси аниқланди. Бемор учун пойтахт мутахассисларининг кўмаги жуда-жуда зарур эди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлимида Республика нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази етакчи мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди Жалолиддин Бобоев бошчилигидаги пойтахтлик мутахассислар, қолаверса уларга маслакдошу ёнма-ён бўлим мудири Абдужалил Нурматов тўрт соатдан ошиқ мобайнида мураккаб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли якунлашди. Бемор ҳаёти хатардан холи этилди.

Шунингдек, марказнинг кўз касалликлари бўлимида эса Республика кўз микрохирургия­си илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди Дилшод Абдиназаров ҳам 20 нафардан ошиқ беморларни қабул қилди. Бўлим мутахассиси Фурқатжон Раҳматов билан биргаликда катаракта, глаукома ва бошқа турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказишди.

Манзура ЭРГАШЕВА.