Хорижий тилларни мукаммал ўрганиш давр талаби. Зеро, жаҳон миқёсида  эришилаётган ютуқларни, тўпланган тажрибаларни ўзлаштиришда ҳам чет тилларга эҳтиёж сезилади. Айниқса жадал тараққий этаётган  тиббиётимизни янада  юксалтиришда бу омилнинг аҳамияти беқиёсдир.

Мамлакатимизда  тиббиёт соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида маҳаллий  шифокорларнинг касбий маҳорати, билими ва лаёқатини халқаро даражага етказиш  масаласига устувор вазифа сифатида  қаралмоқда. Яратиб берилаётган  имконияту имтиёзлардан самарали фойдаланиш учун эса аввало, тиббиёт ходимлари жаҳон тилларини мукаммал билиши зарур.

Умиджон Муҳитдинов болалигиданоқ  инглиз тилини ўрганишга астойдил киришган эди.  Дунёда кенг оммалашган хорижий тилни мукаммал ўзлаштиргани унга олам кезишида, танлаган касби сир-асрорларини чуқурроқ эгаллашида  ғоят асқотмоқда.

Умиджон шифокорлар оиласида вояга етган. Дадаси Раҳматулло ака  тиббиёт фанлари номзоди, онаси Шоирахон ая олий тоифали ҳамшира.  Улардан ибрат олиб, Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаб, қўлида врачлик дипломи билан академик Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган хирургик марказида клиник ординатурада  маҳоратини оширган пайтларида ҳам у инглиз тилини чуқур  эгаллаш учун  ҳаракатини сира сусайтирмади. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали реанимация бўлимида жарроҳ, 2-шошилинч хирургия бўлимида  навбатчи жарроҳ бўлиб хизмат қилган чоғларида ҳам вақт топди, дегунча  тил ўрганишни асло канда қилмади.

Айни пайтда изланувчан мутахассисга  филиал директорининг ўринбосари лавозими ишониб  топширилганлиги ҳам бежиз эмас.  Умиджон Муҳитдинов 2016 йилда Ҳиндис­тоннинг Деҳли  ва Панжоб шаҳарларидаги нуфузли  клиникалардаги бир ойлик ўқув анжуманида қатнашиб, жарроҳлик бўйича малакасини янада  оширишга муваффақ бўлганди.  Ўтган йили эса Туркиянинг Истамбул ва Малатя шаҳарларида "Тургут Ўзал Тил Маркази" негзида  ташкил қилинган ўн кунлик илмий анжуман сабоғини олди, аниқроғи жигар тўқималарини кўчириш бўйича амалий кўникмасини бойитди.

Хорижий тилларни пухта ўрганиб бораётгани, инглиз ва рус тилида эркин сўзлаша олиш лаёқати унинг тиббиётга оид жаҳон миқёсидаги янгиликлардан воқиф бўлишида жуда қўл келяпти. Интернет тармоғи орқали кўпдан-кўп маълумот ва ишланмалардан фойдаланган ҳолда жарроҳлик   бўйича  билимини мустаҳкамлаб боряпти. Жумладан, бу йўналишдаги астойдил саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ жорий йилнинг 5-30 ноябрь кунлари Хитой Халқ Республикасида ўтказилган яна бир йирик илмий-амалий анжуман иштирокчисига айланди.

- Пойтахт Пекин, Гуйлин ва  Наннин шаҳарларида кечган ўқув-анжумани давомида фавқулодда вазиятларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш усулларини ўргандик, - дейди У. Муҳитдинов - Қизил Хож ташкилотининг моддий-техник базаси ва иш фаолияти билан танишдик, музейни кўздан кечириб, бир олам таассурот олдик.

Ёш жарроҳнинг қайд этишича, "International Medical Center-Bejing"нинг 21 қаватдан иборат клиникасига ташриф ғоят қизиқарли кечди. Муҳташам шифохонада энг янги русумдаги  тиббиёт аппаратураларида жарроҳлик амалиётлари олиб борилар экан. Лапароскопия ва  трансплантология  бўлимларидаги ишлар ўрганилди. Суҳбат жараёнида жарроҳлик амалиётлари ва  амалиётдан кейинги асоратларини бартараф этиш тажрибалари билан қизиқилди.

Гуйлин ва  Наннин шаҳарларига сафар пайтида  қутқарувчиларни тайёрлаш марказларининг фао­лияти ўрганиб чиқилди. Тоғолди ҳудудда жойлашган қутқарувчиларни тайёрлаш базаси, унинг имкониятлари, бевосита  қутқарувчиларни ўқитиш жараёнлари кўздан кечирилди. Аниқроғи, анжуман қатнашчиларида ҳозирги давр  қут­қарувчилари қанчалар билим, малака ва моҳоратга эга бўлишлари зарурлиги ҳақида тушунча ва тасаввур ҳосил қилинди.

- Хитойда туризмни ривожлантиришга катта эътибор  берилганлигининг гувоҳи бўлдик. Қадимий Чин мамлакатининг  тарихий обидалари, хусусан "Ёпиқ шаҳар", "Буюк Хитой девори", Императорнинг ёзги қароргоҳи,  ҳатто бу ўлканинг рамзига айланган ҳайвонот боғи, Нанниндаги 10 минг гектарли банан ва мандарин  плантациялари ва бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳатлар барчамизда ҳайрат уйғотди, - дейди Умиджон Муҳитдинов.

Тил билган - эл билади. Дарҳақиқат, эндигина 34 ёшни қаршилаётган У. Муҳитдинов кейинги уч йил ичида Ҳиндистон, Туркия ва Хитой давлатларида бўлиб, дунёга машҳур клиникалар, фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилувчи марказлар  иш тажрибасини ўрганишга муваффақ бўлди.  Ғоят ибратли жиҳат, ҳавас қилса арзийдиган намуна.

Дунёқараши ўсиб, билими, малакаси ва касбий кўникмасини муттасил ошириб бораётган Умиджоннинг умидлари бисёрдир. Энг асосийси - мамлакатимизда шошилинч тиббий хизматни янада ривожлантиришга, аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшишдан иборат.

Абдулла ҒОЗИЕВ.