Эртанги кун эгалари соғлом ва баркамол вояга етиши учун амалга оширилаётган эзгу ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Бинобарин, Янги йил байрами арафасида  Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан ўтказилган хайрия тадбири кўплаб болажонларнинг ёдида қоладиган бўлди.

Аввало, тиббиёт масканида "Болалар саломатлиги ҳафталиги"  эълон қилиниб, кам таъминланган  оилаларда тарбияланаётган кичкинтойлар тиббий кўрикка чорланди. Улар ультратовуш  текшируви, педиатр кўруви ва бошқа мутахассислар қабулига жалб этилиб,  саломатликларининг ҳолати ўрганилди.  Касаллиги аниқланган болаларни зудлик билан  соғломлаштириш чоралари кўрилди.

Тадбир эртак қаҳрамонлари "Қорбобо" ва "Қорқиз" иштирокидаги шодиёнага уланиб кетди. Юз нафардан зиёд болалар қатнашган "Арча байрами" аввалида туман  тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Олимжон Қосимов ва  ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари келажагимиз эгаларини кириб келаётган Янги йил билан қутладилар. Шундан кейин энг ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Шодиёна қатнашчиларига дори-дармон солинган совғалар тўплами, китоблар, ота-оналари учун эса соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишга ундовчи буклетлар тарқатилди.

- Совға-саломларимизнинг аксарияти кичкинтойлар соғлигини мустаҳкамловчи воситалар, уларнинг қобилиятини ўстирувчи ўйинларга мўлжалланган анжомлар ва асосийси - топишмоқ ва эртакларга оид китоблардир, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Саломатхон Саркорова. - Уларни шифохонамиз жамоаси ва  ҳомийларимиз туҳфа этишган.

Байрам тадбирлари кейинчалик шифохонанинг болалар бўлимига кўчди. Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан палаталарда  даволанаётган бемор болаларга ҳам совғалар улашилди. Кўрсатилган эътибор, меҳр ва мурувват боис нафақат даволанувчилар, балки уларнинг яқинларининг ҳам қалблари қувончга тўлди.

Севара ҒОЗИЕВА.