Беморларнинг касаллик варақаларини кўздан кечириб, янги ётқизилганларга муолажаларни қайд этиб бўлган Абдубанно Тўраев халатини эгнидан ечиб, илгичга илаётган эди ҳамки, бўлимнинг катта ҳамшираси хона эшигини очиб, остона хатлади.

- Дўхтир икки ёшли болани оғир ҳолатда келтириб қолишди, - деди нима қилайлик деган оҳангда.

- Муолажа хонадами, ҳозир чиқаман, - деди у халатини ўша заҳотиёқ қайта кияркан.

Қўлига фонендоскопини олганича бемор ёнига шошилди врач уйига кетиш эсидан ҳам чиқиб.

- Яхшиям ўзингиз шу ерда экансиз, дўхтир, - деди аёл ташвишли қиёфада. - Икки кундан буён нафаси ҳирилларди болам бечоранинг, охири бўлмади, истимаси кўтарилиб, алахсирашга тушди. Сизга кўрсатгани югурдик.

Педиатр ҳушида бор-йўқ, энтикиб-энтикиб нафас олаётган боланинг кўкрагига фонендоскопини қўйгачгина жувоннинг овози тинди.

- Отаси қаерда?

- Даладалар.

- У кишига боладанам дала азизми, қанақасизлар ахир. Шамоллатиб роса ҳолдан тойдирибсизлар. Шуни кеча ёки  аввалги куни олиб келганларингда ўғилчангиз бу қадар қийналиб ётмасди. Бепарволик эви билан-да, кейин асорати қолса, дўхтир яхши қарамаган шекиллига ўтиб оласизлар.

Аёл аччиқ даккиларни эшитиб, айбдорона бош эгди.

- Ҳамшира, боланинг танаси ёняпти, ишни ҳароратини туширишдан бошланг. Ундан сўнг томиридан укол томчилатасизлар, - деди врач аччиғини тийиб. Кейин боланинг онасига юзланди.

- Ҳечқиси  йўқ, тузатиб юборамиз. Эрингиз келса, менга учрасин, ўзим тайинлаганим маъқул. Буёғига болага бепарво бўлсаларинг дарди сурункали ҳолатга ўтиб кетиш хавфи сезиляпти. Юртимизга соғлом болалар керак. Ахир бу мурғак фарзандлар эртамизнинг эгаллари. Бизларнинг лоқайдлигимиз касрига қолмаслиги зарур.

Дўхтирнинг бегонанинг зурриёдига худди ўзиникидай қайғураётганидан аёл беҳад таъсирланди. Эри билан ўзи ота-оналикни ўрнига қўёлмаётганликларидан хижолат чекди.

Абдубанно Тўраев муолажа хонадан залга чиқиши билан ён палатадан гўдакнинг чин­қирагани қулоғига чалинди.

- Қизлар, болалардан хабар олинглар-чи, нимадан безовтайкан? - Қорни дам бўлаётганга ўхшайди. Клизмага зарурат туғилса, онасига ёрдамлашворинглар.

- Хўп-хўп, -  деганича бўлимнинг навбатчи ҳамшираси овоз келаётган палата томон илдамлади.

Абдубанно ака иш вақти тугасаям уйига ошиқмади. Кўнгли ўрнига тушмагунча қаёққаям борарди. Бундай ҳол биринчи бор эмаску. Тез-тез такрорланавериб, одат тусига кирганди.

- Ҳамкасбимиз Абдубанно Тўраев мингбулоқлик ота-оналарга қувонч ва хотиржамлик бағишлаб чарчамайдиган, ишига пухта педиатр эди, - дейди  физиотерапевт врачи Маъсудахон Маҳкамова. - Тўғрисўз врач ноҳақликни асло ёқтирмасди.  Қатъиятлилиги ва ҳалоллиги билан  элга танилганди. Таъмадан йироқлиги учун обрў-эътиборини ҳамиша юқори сақлаб юрди. Оддий врачликдан туман бош педиатри даражасига етганди. У ўзини мингбулоқликларга кераклигини чуқур ҳис этиб, шу жойда бутунлай ишлаб қолди. Толеи кулган инсон айни маҳалда минг-минглаб одамларнинг қалбида ҳам яшаяпти.

У асли Наманган туманининг Қоратепа қишлоғида таваллуд топган. Ўрта Осиё педиатрия тиббиёт институтини 1983 йилда тугалллаб, Наманган шаҳар поликлиникасида интернатурани ўтаган йигит келаси йилиёқ олий маълумотли мутахассислар етишмаётган Задарё районига (илгари туман шундай аталарди) ишга юборилди. У вақтинча келганман деган ўйни тез орада унутди. Бутун вужуди, бутун илми, бутун малакаси билан болаларни даволашга берилиб кетди. Беш йил ишлабоқ бўлим мудири вазифасини эгаллади. Туманнинг бош педиатрига айланди. Бу ўта масъулиятли вазифани чўчимай ўз зиммасига олгач, қарийб 22 йил бенуқсон адо этди  ғоят машаққатли ва шарафли вазифасини. Тақдирнинг бешафқатлигини қарангки, у янаям кўпроқ ишламоқчи эди-ю, бевақт ўлим бунга имкон бермади. 2008 йилда 48 ёшида ёруғ оламдан кўз юмди. Қанчадан-қанча болаларга нажот берган, уларни ҳатто ўлим домидан қутқариб қолган, оналарни бемаврид армонлардан асраган инсон ўзига келганида оғир хасталик олдида ожизлик қилди. Йўқ-йўқ у ҳали кўп яшашни истарди, ҳали эзгу мақсадлари бетугал эди. Биркам дунё деганларидек ўша биркамлик унинг оиласини оталикдан маҳрум этди.

Умр йўлдошлари хўжақишлоқлик Муборакхон Убайдуллаева ҳам шифокор. У Наманган тиббиёт техникумини 1983 йилда тугатиб, 1984 йилда Абдубаннога турмушга чиқиб, биргаликда Жомашўйга ишга келишганди.Муборакхон дастлаб ички касалликлар бўлимида ҳамширалик қила бошлади. Кейин туғруқхонада фаолият олиб борди. Ҳозирда туман тиббиёт бирлашмасининг услубий бўлими ходими.

- Мен Абдубанно акадек болапарвар врачнинг аёли бўлганимдан доимо фахрланганман, - дейди у мамнун ҳолда. - Шу туйғу кўнглимни ҳеч қачон тарк этмайди.Турмуш ўртоғим ўта самимий, ўта тўғрисўз, айни замонда кичиккўнгил инсон эдилар. Орзулари бир олам эди.Бемор болалар юзида табассум кўрганларида қувонганларидан ўзларини қўярга жой тополмай қолардилар. Негалигини сўраганимизда "Мен учун дунёда бола табассумидан бебаҳо нарса йўқ. Чунки, соғлом ўғил-қизнигина кўзларидан ўт чақнайди, юзларида табассум балқийди", дея таъкидлаб изоҳлардилар. Минг афсуски, умрлари қисқа экан. Бизларни эрта ташлаб кетишга мажбур бўлдилар. Бироқ мен ўзимни ҳеч вақт ёлғиз ҳисобламайман. Ҳамиша биз учун тирикдай, қалбимизнинг тўрида барҳаётлар.

Дарҳақиқат, шундай. Муборакхон Убайдуллаеванинг ёнларида бир ўғилу тўрт қиз Абдубанно аканинг йўқликларини билдиришмайди. Катта қизлари Мадина тарбиячи, Назира фармацевт, Назокат педагогика коллежини тамомлаган. Дилором банк соҳаси мутхассиси, кенжаси Муҳаммадали академик литцейни битириб, ҳаётда отасидек эл корига ярайдиган ҳалол ва фаол инсон бўлишга интилмоқда.  Айни маҳалда Тўраевлар сулоласи сафи кенгайяпти. Бир неча набиралар Муборакхонга момолик толеини туҳфалаб туришибди.

Яхши инсон ва яхши мутахассис қаерда ишламасин, раҳбарлар ўзгартирилгани билан уларни ўзгартиришга сира хожат сезилмайди. Аксинча, янги бошлиқлар ҳам меҳр қўйиб қолишаверади. Педиатр Абдубанно Тўраев шу боис Муҳаррам Аҳмедова, Муҳаммаджон Турсунов, Баҳодир Каримов, Муҳаммадниёз Эргашбоев каби марказий шифохона бош врачлари, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиқларининг ҳеч эътирозига эмас, ҳар вақт эътирофига лойиқ ишларни уддалаш билан қадр-қиммат топди. У бирор бор касбидан нолимаган, аксинча, Абдуваҳоб Турдиев, Илҳомжон Собиров, Сайёра Камолова каби шо­гирд­ларига қарата: "Ёшлар, шуни яхши билингларки, биз шифокорлар осойишталикни фақат тушда кўрамиз" деган донолар фикрини такрорларди серташвиш кунларнинг кетма-кетлигидан оғринмасликлари учун уларни фидойиликка чорлаб...

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

"Шифокор ва ҳаёт"

газетаси мухбири.