Конституция куни арафасида вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат тиббиёт муассасалари сафи янада кенгайди. REMEDY medical center очилган бўлса, Oydin shifo шифохонасининг иккинчи нав­бати фойдаланишга топширилди.

REMEDY medical center аҳолига кўрсатилаётган тиббий-диагностика ишлари самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнаши табиий. Тадбиркорлар янги саломатлик марказини вужудга келтиришда аввало энг янги технологияларни қўллашга устувор аҳамият қаратишган.

Унда ишга солинган замонавий тиббий асбоб-ускуналар касалликларга тезкор ва аниқ ташҳис қўйишда қатор афзалликларга эга. Лойиҳани амалга ошириш учун бир миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган. 110 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилган. Пировардида 15 иш ўрни ҳам яратилди.

Амбулатор шароитда хизмат кўрсатадиган тиббиёт масканининг тақдимот маросими ғоят тантанали тус олди. Унда сўз олган Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов давлатимиз раҳбарининг раҳнамолигида юртимизда кечаётган лкан ўзгаришлар, айниқса бунёдкорлик кўлами кенгаяётганлигини мамнуният билан таъкидлади. Мазкур саломатлик маркази аҳолига нумунали тиббий хизмат кўрсатишига умид билдирди. Шифокор Қобулжон Сатторов эса марказда яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди.

Рамзий лента қирқилгач ҳамма янги тиббиёт муассасаси фаолияти билан танишишга ошиқди. Чел элдан олиб келиниб, муваффақиятли ишга солинган видеоэндоскопия, лор-комбайн ва бошқа тиббий-диагностика аппаратуралари қатнашчиларда ҳайрат уйғотди. Кўпчилик эса уларнинг афзал хизматларидан баҳраманд бўлди.

Маълумки, шаҳарнинг юқори қисмида очилган Oydin shifo шифохонаси юрт­дошларимизга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда эди. Ишбилармон , изланувчан тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг иккинчи нав­бати ҳам қуриб битказилди. Бунинг учун 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Ҳозирги замон тиббиётининг юксак талаблари асосида барпо этилиб, энг такомиллаштирилган тиббий асбоб-ускуна ҳамда жиҳозлар ўрнатилган муассасанинг салоҳияти ўсибгина қолмасдан, бир неча йўналишлар бўйича даволаш ва диагностика ишлари олиб бориладиган бўлимлар ҳам ташкил қилинди.

- Шифохонамизда республикамиз хусусий тиббиёт муассасалари ичида биринчилардан бўлиб, бир қатор янги йўналишлар бўйича хизматлар жорий қилинган. Хусусан, юрак-қон томир касалликлари реабилита­цияси бўлими очилди. Бундан ташқари жарроҳлик бўлимимизда қорин бўшлиғидаги касалликлар лапораскопик усулда даволанади. Шунингдек, терапия, урология, гинекология соҳасига ихтисослашган бўлимларимиз ҳам бор,-дейди бош шифокор, тиббиёт фанлари доктори Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев.

Дарҳақиқат саломатлик масканида нафақат имкониятлар кенгайтирилди, балки даволаш ўринлари сони ҳам уч баробар ортди. Даволашдан ташқари, соғ­ломлаштиришга оид қўшимча хизматлар ҳам йўлга қўйилди.

Шифохонадаги тақдимот маросими ҳам байрам тусини олди. Унда Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов ва бошқалар сўзга чиқишди. Таъкидландики, муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан тиббиётнинг хусусий сектори ривожи учун кенг имкониятлар яратилди. Пировардида, мазкур соҳа жадал ривожланиб боряпти. Фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати замон талаблари асосида такомиллаштириляпти.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, айни пайтда вилоятимизда ишлаб турган нодавлат тиббиёт муассасалари сони 321 тадан ошди. Жорий йилнинг ўзида беморларни қабул қила бошлаган масканлар эса 43 тага етди. Бу рақам йил охиригача янада ўсиши кутилмоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.