Билимли авлод - буюк келажакнинг,

тадбиркор халқ - фаровон ҳаётнинг,

дўстона ҳамкорлик – тараққиётнинг кафолатидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон" хал­қаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси якунида юқоридаги уч муҳим ҳаётий ҳақиқатни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Мазкур маърузада аввало халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямизнинг юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо қилишда, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани яна бир бор мамнуният билан эътироф этилди. Чунончи, Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда. Халқ билан давлат идораларининг мақсад муштараклиги таъминланмоқда. Одамларга муносиб яшаш ва ишлаш имкониятларини яратиш асосида уларнинг давлатдан розилигига эришиб борилмоқда. Ҳар бир жабҳада қонун устуворлиги барқарорлиги туфайли адолат тамо­йиллари ҳаётимизда бардавомлик касб этаётир. Айни маҳалда давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига путур етказадиган хавф - коррупция­нинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида ҳам аниқ чоралар кўрилмоқда. Президентимиз кўрсатиб ўтганларидай бу борада ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик назорати ўрнатилиши керак.

Биз яхши биламизки, Конституциямизнинг бош мақсади - халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит туғдиришдан иборатдир. Албатта, ўтган давр ичида, айниқса, сўнгги икки йилликда бу яққол кўзга ташланмоқда. Шундай экан, иқтисодий ислоҳотлар муваффақияти изчиллиги учун астойдил иш олиб борилиши керак. Маърузада айтилганидай: "...агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунё­даги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, чала-чулпа, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу. Бу- Асосий қонунимиз талаби. Бошқа йўл йўқ. Биз бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз ва улар албатта ўзининг ижобий натижасини беради".

Тантанали маросимда тиббий ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида атрофлича фикр юритилди. Жумладан, 2017 йилга келиб, мамлакатимизда ўртача умр кўриш 74 ёшни ташкил қилаётгани, болалар ўлимининг 3 баробар камайтирилгани мамнуният билан тилга олинди. Шунингдек, халқимиз куни-кеча Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Фармони билан Соғлиқни сақлаш тизимини 2019-2025 йилларда ривожлантириш концепциясини қабул қилинганидан бохабар этилди. Демак, аҳолига юксак даражада тиббий хизмат кўрсатилиши учун эндиликда ҳозиргидан кўра ҳам катта вазифаларни амалга оширишга киришилади.

Бу йил қабул қилинган "Ҳар бир оила - тадбиркор" ҳамда "Ёшлар-келажагимиз" дастурлари ижроси келгуси йилда ҳам қатъий назоратда туриши маърузада таъкидлаб ўтилди. Президентимиз урғу берганларидай: "Биз ёшларимизда тадбиркорлик ташаббусини ривожлантира олсак, уларга маблағлардан тўғри фойдаланишни ўргатсак, нафақат иқтисодий, балки кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал этган бўламиз".

Бош қомусимизда халқимиз ҳаётининг асосий қоидалари мужассамланган экан, уни ўқиб-ўрганиш доимо долзарб масала бўлиб қолаверади. Президентимизнинг қуйидаги сўзлари бирор лаҳза ёдимиздан кўтарилмасин: "Биз жамиятимизда шундай ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз керакки, унга мувофиқ Конс­титуция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурият эмас, балки кундалик қоида ва одатга айланиши шарт".

Солижон МЎМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати аъзоси.