Вилоятимизда болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Айниқса, юрак туғма нуқсони билан дунёга келган фарзандларни соғломлаштириш борасида дадил қадамлар қўйилмоқда.

Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги арафасида тиббиёт марказида амалга оширилган илк кардиожарроҳлик амалиёти туфайли чустлик 3 ёшли Аброржон Умаровни безовта қилаётган оғир дард­га нуқта қўйилди. У юрак туғма нуқсонининг қоринчалараро тўсиғи, яъни аорта ости жойлашуви - юқори ўпка гипертензиясидан азоб чекаётган эди.

Вилоят кардиология марказидан борган тиббиёт фанлари доктори А. Ҳикматов ва Н. Худойбердиев ВБКТТМ кардиожарроҳи Ф. Муқимов ҳамда амалиёт ҳамшираси Н. Аҳмедовалар томонидан юрак хасталигининг ўпка гипертензияси билан кечадиган турларида ўпка артериясида ривожланувчи орт­га қайтмас ўзгаришлар бўлишининг олдини олиш мақсадида ушбу жараён муваффақиятли амалга оширилди.

Айни пайтда бемор ўзини яхши ҳис этмоқда. Марказ шифокорлари унинг соғайиши учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.

- Марказимизда келажагимиз ворислари саломатлигини муҳофаза этиш учун имкониятлар кенгайтирилмоқда. Шу йилнинг ўзида кардиожарроҳлик, неонатал хирургия ва ўсмир қизларни соғломлаштириш бўлимлари очилди. Улар тажрибали ва юқори малакали тиббиёт ходимлари билан мустаҳкамланди. Қисқа вақт ичида ўнлаб мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилиб, ёш беморларимиз саломатлиги тикланди, - дейди марказ бош шифокори Абдумалик Раҳмонов.

Абдулла ҒОЗИЕВ.