Яқинда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Саломатлик-3" лойиҳаси бўйича ўқув-семинар ташкилланди. Унда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда бош ҳамширалари иштирок этишди.

Уч кунлик тадбирда соғ­лиқни сақлаш тизимидаги раҳбар ходимларга "Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида функционал режалаштириш ва бошқариш" мавзусида тренерлар Гавҳар Қосимбекова ва Фарҳод Маҳкамовлар машғулотлар ўтказишди. Унда интерфаол усуллардан фойдаланилди. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш, аниқ ташхис қўйиш, тиббий аппаратуралардан тўғри фойдаланиш ҳамда шифохона ички инфекциясининг олдини олиш борасидаги муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

- Лойиҳа доирасидаги ўқувда кўпроқ бошқарув тизими ходимларининг малакасини оширишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди "Саломатлик-3" лойиҳасининг вилоятдаги директори Дилмурод Қодиров. - Улар қанчалик юқори малака ва зарур маълумотларга эга бўлишса, соҳада шунча ижобий самарадорликка эришилаверади.

Семинар якунида иштирокчиларга махсус "Сертификат"лар топширилди. Энди улар бу ерда олган билим ва кўникмаларини ўзлари фаолият юритаётган муассасаларида амалиётга жорий этадилар.

(Ўз мухбиримиз)