Вилоятимизда спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Уларни уюштиришда вилоят жисмоний тарбия ва спорт ишлари бошқармаси уюшқоқлик кўрсатяпти.

Яқинда "Баркамол авлод" спорт мажмуида якунланган яна бир оммавий ўйинлар ғоят қизиқарли тус олди. Вилоят ҳокимлиги томонидан уюштирилган "Дўстлик" спартакиадасида спортнинг мини-футбол,стол тенниси, шахмат-шашка ва бадминтон турлари бўйича бошқармалар, ташкилот ва идоралар ходимлари ўзаро куч синашдилар. 34 та терма жамоанинг ҳар бир спортчиси ўз соҳаси бўйича спорт шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Мини-футбол ўйинларида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси жамо­а­си айниқса фаол иштирок этди. Вакилларимиз «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси вилоят бўлими, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими жамоалари билан бўлган учрашувларда қанчалар маҳоратга эга эканликларини намоён этишди.

Финалда эса вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси жамоаси билан майдонга чиқишди. Дастлаб 2:0 ҳисобида олдинда бораётган спортчиларимиз ҳар жиҳатдан устун бўлган рақиблари ҳужумларига дош бера олишмади. Асосий вақт 2:2 ҳисобида дурранг натижа билан тугади. Ғолибни аниқлашга пенальтилар сериясида ойдинлик киритилди. Пировардида саломатлик посбонлари иккинчи ўрин билан кифояланишди.

Спартакиданинг тантанали ёпилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари П.Маткаримов ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари ҳамда дипломларни топширди.

(Ўз мухбиримиз)