Зўраки ўлим кўринишларидан бири бўлган ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари дунёнинг барча мамлакатларида ўсиб бориш тенденциясига эга умуминсоний муаммолардан бири сифатида мутахассислар томонидан эътироф қилинмоқда.

Шунинг учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Тўрақўрғон туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ички ишлар бўлими ҳамкорлигида "Аҳоли ўртасида тушкун кайфиятлар ва суицидал хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш" мавзусида тадбир ўтказилди.

Унга шаҳар ва туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг мудирлари, пси­хиатр ва наркологлари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларининг психологлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг расмий отинойилари таклиф қилиндилар.

Семинарнинг очилиши тумандаги 13-умумий ўрта таълим мактабида ташкилланиб, қатнашувчилар мактабдаги "Руҳий енгиллик хонаси"нинг иш фаолияти билан яқиндан танишишди. Сўнгра, анжуман маданият ва аҳоли дам олиш марказида давом этди. Уни туман ҳокимининг ўринбосари Носиржон Тўхтаназаров кириш сўзи билан очди. Муҳим масаланинг мазмун-моҳиятини йиғилганларга атрофлича сўзлади. Чунончи, нотиқнинг таъкидлашича, суицидал ҳолатлар афсуски йил давомида туманда ҳам рўй берган. Ана шундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишда бундай тадбирлар ўзининг самарали натижаларини бериши алоҳида таъкидланди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров суицид ҳаракатларини бартараф этишга доир чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб, бу масалага эътиборни янада кучайтириш тўғрисида кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси бўлим мудири, психиатр Ўткиржон Шарипов "Суицид ҳолатларининг эпидемиологияси ва айрим хавф омиллари" мавзусида маъруза қилди. Мутахассиснинг таъкидлашича ўзини-ўзи ўлдириш кўп қиррали муаммо. У нафақат тиббиёт ходимлари, балки психолог, социо­лог, иқтисодчи ва бошқа соҳа эгаларининг ҳам диққат-эътиборидаги долзарб вазифадир. 42-мактаб психологи Машҳура Ёқубжонова эса ўқувчилар ўртасида тарғибот ишлари таъсирчанлигини таъминлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Семинар баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Унда мутасаддилар зиммасига мазкур масала бў­йича амалга ошириладиган долзарб вазифалар юклатилди.

Манзура ЭРГАШЕВА.