Мамлакатимиз тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда интеграциялаш жараёнларининг босқичма-босқичлиги ва изчиллиги муҳим аҳамият касб этади. Ҳозир қайси шаҳар ё туман даволаш-профилактика муассасаси  фаолиятига назар ташламанг, албатта интеграциялаш тадбирлари ўз натижасини бера бошлагани  кўрасиз.

Ўтган жума куни Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 4-оилавий поликлиникада бўлиб ўтган семинар-йиғилиш мавзуи ҳам ана шу масалага қаратилди. Унда шаҳардаги барча даволаш-профилактика муассасаларининг бош врачлари ва патронаж ҳамширалари иштирок этдилар.

Бир неча йил бурун мазкур поликлиника эски бинода жойлашган, жамоада олиб борилаётган ишлар ҳам ҳар жиҳатдан ачинарли аҳволда эди. 2017 йилги инвестиция дастурига мувофиқ поликлиникага шаҳар агротадбиркорлик коллежи талабаларининг турар жойи биноси ажратиб берилди. Бино замонавий андозалар асосида қайта реконструкция қилинди ва давр талабарига монанд янги асбоб-ускуналар билан таъминланди. Ультра товуш ташхис, флюрография аппаратлари,  кимёвий ва биокимёвий лаборатория анжомлари билан қуроллантирилди.

Жамоадаги 20 нафар умумий амалиёт шифокори ҳамда 67 нафар  ихтисослаштирилган умумий амалиёт ҳамширалари, 27 нафар хона ҳамширалари 11 та маҳаллада истиқомат қилаётган  аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Аммо семинар-йиғилиш давомида оилавий поликлиника бош врачи З. Адҳамов, умумий амалиёт врачи Н. Абдуллаева,  шу соҳа координатори      М. Салаеваларнинг тақдимот маърузасида поликлиникага биркитилган ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ҳали такомилига етказила олинмагани ойдинлашди. Олиб борилган сайъи-ҳаракатларга қарамай, аҳолининг хасталаниш даражаси ҳамда ўлим кўрсаткичи пасаймаган.Шошилинч тиббий ёрдам хизматини чақириш ҳолатлари камайиш ўрнига ойдан ойга ортиб боргани мониторинг жадвалларида кўриниб турибди. Патронаж ҳамширалари бир неча бор тез тиббий ёрдам чақиришга мажбур бўлган беморлар аҳволидан хабардор эмас. Бу поликлиника жамоаси интеграциялаш тадбирларини тўлақонли амалга ошира олмаётганидан дарак беради.

Семинар-йиғилишда музокара юзасидан   сўзга чиққан  кўп тармоқли шаҳар поликлиникаси бошлиғи ўринбосари М. Жакбарова, фахрий шифокор З. Қосимовалар билдирган ҳақли эътирозларга жамоа аъзолари лом-мим деёлмай қолишди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У. Ботиров шаҳардаги оилавий поликлиникларнинг патронаж ҳамширалари фаолиятидаги қатор нуқсонларни аниқ мисоллар орқали очиб бергани шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликликалар ва бир неча шифохоналарда ҳали қилинадиган ишлар қалашиб ётганини кўрсатиб берди.

Шунингдек, семинар-йиғилишда электрон поликлиникалар ташкил этишга доир ўзибўларчиликлар ҳам кескин очиб ташланди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали директори ўринбосари  К. Зоҳидов шаҳар аҳолисига шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада такомиллаштириш учун оилавий поликлиникалар билан ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида фикр юритди ва бир қатор поликлиникаларда талаб қилинган ишлар бажарилмаганлигига тўхталди.

Кўриниб турибдики, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимида ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар тўпланиб қолган. Ўйлаймизки, бирлашмага янги раҳбар этиб тайинланган  тажрибали шифокор Тоҳиржон Бойдедаев мазкур жабҳадаги муаммолар ечимини топа олади.

Мусохон АКМАЛОВ,

"Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррири.