Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самараси ўлароқ бирламчи тизим фаолияти такомиллаштирилаётир. Жумладан вилоятимиздаги қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилиб, улар ўрнида 62 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Ўтган йили уларни шакллантириш жараёни борган бўлса, бу йил янги тиббиёт масканлари моддий-техник имкониятларини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Мингбулоқ туманидаги 10-оилавий поликлиника ҳам ана шу сайъи-ҳаракатлар маҳсули сифатида вужудга келган эди. Вилоят ва туман марказидан жуда ҳам олисда жойлашган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасининг биносини қайта реконструкция қилиш учун Инвестиция дастурига мувофиқ 1 миллиард 800 миллион сўм бюджет маблағи ажратилди. Ло­йиҳада белгиланган ишларни "Обод қурилиш таъмир сервис" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари сифатли амалга оширишга муваффақ бўлди. Буни натижасида эса ҳудуд инфратузилмасига кўрк бағишлайдиган, икки қаватли оилавий поликлиника биноси қад ростлади.

Тиббиёт ходимлари куни арафасида Гулбоғ қишлоғининг "Ёшлик" маҳалла фуқаролар йиғинида янги соғлиқни сақлаш муассасасининг фойдаланишга топширилишига бағишланган маросим ўтказилди. Оилавий поликлиника жамоаси учун бу кун қўшалоқ шодиёнага айланиб кетди. Саломатлик посбонларининг касб байрами объектнинг тақдимот маросими билан уйғунлашиб, янада тантанавор тус олди.

Байрамона тарзда кечган тадбирда Мингбулоқ тумани ҳокими Тоҳиржон Рафиқов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулла Ғозиев, меҳнат фахрийлари Соат­али Мақсудов, Майрамхон Қирғизбоевлар Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида халқ турмуш фаровонлиги янада юксалиб бораётганлиги, айниқса чекка ҳудудларда яшовчилар учун ҳам замон талабларига мос оилавий поликлиника тизими яратилаётганлигини мамнуният билан таъкидладилар.

- Тиббиёт соҳасини тараққий эттириш борасидаги улуғвор ишлар қанчалар ижобий самара бераётганлигини қишлоғимизда очилган оилавий поликлиника мисолида ҳам кўриш мумкин,-дейди Майрам Қирғизбоева. Илгари малакали тиббий хизмат олиш учун 30 километр йўл босиб, туман марказига қатнашга мажбур эдик. Энди бўлса кўплаб турдаги мутахассислар қишлоғимизда фаолият олиб боришади. Узоғимиз яқин бўлганидан ғоят мамнунмиз.

Поликлиника мудири Руқия Ҳакимованинг айтишича, собиқ учта қишлоқ врачлик пунктининг мақбуллаштирилиши баробарида ташкил топган муассасада 87 нафар тиббиёт ходими хизмат қилади. Худуддаги еттита маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 15 минг нафардан зиёд аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча шароитлар яратилган. Тез тиббий ёрдам шаҳобчаси туну кун чақирувчиларга шайдир.

Гулбоғликларга қувонч ато этган тақдимот маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоев қатнашди.