18 НОЯБРЬ - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БАЙРОҒИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН

Ҳамиша мағрур ҳилпираб, бизларни олға даъват қилиб, руҳлантириб турувчи байроғимиздир.

Рамзлар ҳаётда муҳим ўрин тутади. Уларга боқиб ёки уларда ифодаланган маъно-моҳиятни уқиб ўзимиз учун, юртимиз, келажак авлод учун долзарб аҳамиятли туйғуларни туямиз. Рамз­лар бизларга ким эканлигимизнию, ким бўлмоқчилигимизни англатиб туриши билан янада қадрли. Чунончи, гербимиз тасвирида Ўзбекистон яққол мужассам. Мадҳиямизни Ватанимизнинг сўздаги тўлақонли чизгиси, деб аташга ҳақлимиз. Байроғимизнинг туси ранго-ранглиги, унга туширилган ярим ойю юлдузлар - қалб туйғуларимизни жўш урдирадиган, теранлаштирадиган тимсол ифодалардир. Яна алоҳида жиҳатлари гербимиз кўз ўнгимизда жонланса, дилимизга жо мадҳиямиз тилимизда янграса, байроғимиз юксакларда ва қўлларимизда ҳилпирайди. Чунки у оддий мато эмас, энг қимматли, энг муқаддас тимсол сифатида бизларнинг руҳимизга руҳ қўшади. Уни асраб-авайлашимиз Ватанни асраб-авайлашга тенг, уни ардоқлашимиз Ватанни ардоқлаш билан баробар.

Байроқ ўзи нима? - деган саволга "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да қуйидаги тушунча берилган: "Ёғоч ёки метал дастага сим ёки чилвирга бир неча рангли, давлат, ташкилот, уюшма, ҳарбий қисм ва шу кабиларга қарашлиликни ифодаловчи герб, эмб­лема ва бошқа рамзий белгилар, безаклар тасвири туширилган муайян ўлчамдаги мато; алам, ялов туғ".

Мустақил юрт борки, албатта ўз байроғи бўлади. Герби, мадҳияси сингари у ҳам муҳим рамзи ҳисобланади. Албатта, Ўзбекистон Республикаси байроғи яратилишининг ўз тарихи бор. Аслида Ватанимиз байроғини янгилаш ҳаракатлари Истиқлол арафасида бошланган эди. Бу ҳаракат 1991 йилнинг 18 ноябрида Мустақил Ўзбекистон байроғини тасдиқлаш билан якун топди. Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар ичида биз биринчи бўлиб миллий байроғимизни қабул қилдик. Худди шу куни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг схематик ва ранг­ли тасвири "Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида"ги қонунида аниқ ва лўнда белгилаб қў­йилган.

Мустақил мамлакатимиз байроғи бутун узунлиги бўйлаб тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан ташкил топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир. Агар юқори қисмига назар ташласак, ярим ой ва 12 юлдуз тасвири туширилганини кўрамиз. Узунлиги 250 сантиметр, кенг­лиги 125 сантиметр қилиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси делегациялари хорижий мамлакатларга сафарларга борганида, халқаро ташкилотларда, анжуманларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида она Ватанимиз тимсолига айланади. Шу боис, ғолиб спортчиларимиз шарафланганида байроғимиз баланд кўтарилади. Спортчиларимиз эса уни мағрур ушлаб ёки ўпиб, Ватанимизга содиқлигини яна бир карра ифодалайдилар. Демак, байроғимиз рамз сифатида ҳар бир фуқаро учун муқаддасдир. Унга нисбатан ҳурматсизлик қилишга ҳеч кимнинг ҳақ­қи йўқ!

Давлат байроғимизни кўтариш билан боғлиқ тартиб-қоидалар юқоридаги қонунимизда аниқ-равшан белгиланган. Доимий суратда, жумладан, мамлакат Президенти, Олий Мажлис, Ўзбекистон ҳукумати, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, ҳокимликлар иш олиб бораётган биноларда кўтарилади. Ўзбекистон расмий делегациялари қатнашаётган халқаро тадбирларда, байрам кунлари эса вазирликлар, давлат қўмиталари ва муассасалари, корхона ва ташкилотлар бинолари, шунингдек, уй-жой биноларида ҳилпираб туриши қонунга мувофиқ ҳисобланади.

Байроғимиз - фахримиз. Ватанимиз тимсоли, давлатимиз рамзи сифатида уни юқори кўтаришга бурчлимиз. Айни маҳалда қабул қилинган кунни ўзига хос байрамона кайфиятда нишонлаймиз. Кўнглимиздаги меҳр-муҳаббат туйғуларимизни айтиб, элу юрт равнақи йўлида янада фаол ишлашга янада қатъий аҳдланамиз ва шаҳдланамиз.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов уқтирганларидай: "Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир".