14 НОЯБРЬ - ХАЛҚАРО ДИАБЕТГА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ

Тиббиёт ходимларининг бу галги байрами Матлубахон Қодирова учун унутилмас қўшалоқ қувончга айланди. Аввало, у Тошкентга чақирилди. Кўпсонли касбдошлари ичида хизматлари муносиб баҳоланди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Йилнинг энг яхши эндокринологи" деган эътирофига ва мукофотига сазовор бўлди. Вилоят тиббиёт ходимлари тантанасида эса, илғорлар қаторида яна бир бор эъзозу эҳтиром кўрсатилди.

Албатта, бундай мартабага эришиш осон эмас. Матлубахон ҳам заҳматли ва шарафли йўлдан юриб, эзгу мақсадлари манзилларига 23 йилдан буён астойдил интилиб келмоқда. У 1995 йили Андижон давлат тиббиёт институтидаги сабоғини якунлагач, Наманган шаҳар кўп тармоқли шифохонасида интернатурани ўтади. Келгуси йили 3-болалар поликлиникасида врач-педиатр бўлиб иш бошлади. Беморга ташхис қўйиш, уни даволашга чечан ва чаққонлиги туфайли кўп ўтмай 2-тез тиббий ёрдам марказига ишга ўтказишди. Бу ерда роса олти йил беморларнинг биринчи нажоткори вазифасини ҳалол ва фаол уддалаб, эл назарига тушди.

Мана 15 йилдирки, Матлуба Қодирова вилоят эндокринология диспансерининг кўзга кўринган врачи ҳамда умумий эндокринология бўлимининг мудири. Бугунги толеи педиатрликдан эндокринологликка ўтиб жуда ҳам тўғри танлов қилганини исботлаб турибди, десак сира хато эмас. У тинмай ўқиб-изланди. 2003 йили Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг эндокринология кафедрасида тиббиёт фанлари доктори, профессор Э.Қаюмов раҳбарлигида янги соҳаси бўйича бирламчи мутахассислик курси сабоғини олди. Диспансер врачлари сафига қўшилди.

Ташкилотчилик қобилияти ва ташаббускорлик хислати соҳибаси янги жамоада тезда ўз ўрнини топиб, йилдан йилга камолот касб этаётир. 2012 йили диабетология бўлими мудирлигига лойиқ кўрилган бўлса, 2015 йилдан ҳозирги вазифасида ҳамкасбларию беморлар ўртасида катта обрў-эътибор қозониб келмоқда.

Матлуба Қодирова ўз малакасини мукаммаллаштиришдан ҳеч вақт тўхтамади. 2008, 2012, 2015, 2017, 2018 йилларда пойтахтдаги устозларнинг тажрибаларини ўзлаштириш учун Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида тиббиёт фанлари доктори, профессор Д. Раҳимова раҳбарлигида эндокрин хасталикларни даволашнинг янги-янги усулларини ўрганди. Назарий билимларини амалиётда изчил қўллаб, муолажалари самарадорлигини янада орттирди. Айниқса, минтақамизга хос бўлган йод танқислиги касалликларини даволаш бўйича вилоятимизда юқори натижаларни қўлга киритилишига салмоқли ҳисса қўшяпти. Унинг Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда шаҳар ва туманларда ўтказилган тиббий кўрикларда ҳамиша фаоллик қилмоқда.

Матлуба Қодирова вилоятда қандли диабет билан оғриган беморларда касалликнинг сурункали оғир томирли асоратлари олдини олиш учун республикада биринчилар қаторида машғулот бошлаган "Диабетлар мактаби"нинг етакчи ташкилотчиларидан бири ҳисобланади. Бу мактаб диабетга чалинганларга турмуш тарзини қандай юритиш, ўз-ўзини назорат қилиш, касаллик ва унинг оқибатлари хусусида кенг кўламли тушунчалар бериб бориши билан ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.

Моҳир шифокор раҳбарлигидаги умумий эндокринология бўлими 40 ўринли бўлиб, беморларга консултатив-диагностика эндокринолог хизматлар кўрсатилади. Энг муҳими, хасталанганлардан эътирозлар тушмайди. Ҳамиша муолажадан мамнунлик кайфияти беморларни тарк этмайди. Шу боис, уларнинг аввало Матлубахонга, қолаверса ёнидаги врачу ҳамшираларга миннатдорчилик билдиришлари одатий ҳолга айлангандир.

Содиқ САЙҲУН.

Суратда: "Йилнинг энг яхши эндокринологи" деган юксак эътирофга сазовор бўлган шифокор Матлубахон Қодирова.