Ўтаётган ҳар бир кун бизни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган санага яқинлаштирмоқда. Ҳаётимиз қомусига айланган Бош қонунимиз қабул қилинганига 8 декабрда 26 йил тўлади. Биз 2017 йили худди шу пайтда Конституциямиз шарҳи ва тарғиботига бағишланган туркум мақолалар эълон қилган эдик. Қонуннинг 40-моддасини, яъни, "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга"лигини ҳаётий далиллар билан атрофлича тушунтириб, тарғиботимизга маълум даражада якун ясагандик. Бу йил ҳам Конституциямиз мазмун-моҳиятини шарҳ­лашда давом этишни мақсадга мувофиқ деб билдик.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: "Аввало, барчамиз бир ҳақиқатни англаб, тушуниб бормоқдамиз - бугун жамиятимизда қандай ютуқ ва марраларга эришаётган бўлсак, буларнинг пойдеворида Конституциямиз - буюк Ҳаёт қомусимиз турибди. Жумладан, маънавий-маърифий соҳада ҳам. Конституциямизнинг 41-моддасида:

"Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.

Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.

Мактаб ишлари давлат назоратидадир" деб белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ мамлакатимизда ўн бир йиллик умумтаълим мактаблари иш олиб бормоқда. Барча масканларда бепул таълим-тарбия берилади. Бу ҳуқуқдан ҳамма оилаларнинг фарзандлари теппа-тенг баҳраманд бўлишига зарур шароит ва имкониятлар яратиб қўйилган. Натижада бирорта бола умумтаълимдан четда турмайди.

Истиқлол ислоҳотлари тобора жадаллашаётган айни маҳалда ҳаёт талаб этаётгандек барқарор тараққиётни таъминлаш долзарб вазифага айланиб бормоқда. Бунинг учун Бош қонунимизнинг 42-моддасида:

"Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.

Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади" дея алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берган Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан 2018 йил - "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилиниши юқоридаги модда талабларига ҳамоҳангдир. Амалда кўрдикки, якунланиб бораётган жорий йилимизда барча соҳаларда инновацион лойиҳаларни тадбиқ этиш бўйича дадил қадамлар ташланди. Омманинг ижодкорлик фаолиятига кенг йўл очилди. Қимматли лойиҳаларни бажариш учун давлат томонидан керакли моддий кўмак беришга эътибор кучайтирилди. Ҳатто турли йўналишларда кредитлар ажратилиб, халқимизга зарур бўлган рағбатларнинг изчиллигига эришилди.

Конституциямизнинг Х боби "Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари " дан иборат. Шунга мувофиқ давлат фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди. Мабодо, ҳуқуқ ва эркинликларига кимдир даҳл қилса, ҳар бир шахс судга мурожаат этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиши белгиланган. Демак, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол этишга уринганлардан муҳофазаловчи қонун талабалари бўйича саъй-ҳаракатлари беэътибор қолдирилмайди. Айбдорлар тегишли жазосини олади.

Асосий қонунимизнинг 45-моддасида вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсизларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидалиги белгилаб қўйилган. Мазкур конституциявий модданинг моҳияти ҳам давлатнинг ўз ёшлари ҳақида ҳамиша ғамхўрлигини яққол англатади.

Мамлакатимизда Конституция нормалари ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар доирасида қатор комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Уларнинг амалга оширилиши қувончли самаралар берган. Чунончи, мустақиллик йилларида оналар ва гўдаклар ўлими кескин камайтирилди. Ҳатто "Болаларни асрайлик" халқаро ташкилоти томонидан 161 мамлакат ичида жаҳон рейтингида олдинги ўринлар эгалланди. Аниқроғи, ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатилаётган давлатлар орасида 9-ўринга кўтарилганимиз дунё бўйича эътироф этилди.

Конституциянинг ХI боби "Фуқароларнинг бурчлари"га бағишланган. Бу бурчлар олтита моддада мужассамланган. Бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳуқуқлар фуқароларнинг жамиятдан ҳақдорлиги бўлса, бурчлар қарздорлигидир.

Афсуски, биз ҳақимизни талаб қилишга одатланганмизу, бурчимизни, яъни қарзимизни гоҳ-гоҳ унутиб қўяётгандек бўламиз. Агар ҳар биримиз ҳуқуқларимиздан фойдаланишимиз қанчалик муҳим аҳамият касб этса, ўз навбатида бурчимизни ҳалол ва фаол адо қилишимиз ҳаётий заруриятдир. Ана энди бурчларимиз нималардан иборатлигини бирма-бир билиб олайлик. 48-моддада айтилганидай: "Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар". Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги керак.

49-моддада: "Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар..." деб бежиз алоҳида урғу берилмаган. Зеро, ҳар бир халқнинг ўтмишини авлодлардан авлодларга етказувчи ёдгорликлари бўлади. Улар шу юртда яшовчилар учун бугун ҳам, эртага ҳам қадрли. Бошқача айтганда, боболарнинг мероси оталар ва фарзандлар учун беҳад қадрли, бебаҳо. Уларни сақлаш, келажакка бешикаст етказиш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиз бўлиб қолаверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми бор).