Тиббиётда катта куч саналадиган ҳамшираларнинг фаоллигини таъминлаш даволаш-профилактика ишлари муваффақиятининг муҳим омилидир. Қуйида Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Равшаной Ражабова шу ҳақда фикр юритади:

- Халқимиз саломатлигини сақлаш тизимида хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари сафида ҳамшираларимиз алоҳида ўринга эгадирлар. Врачларнинг кўрсатмасига қатъий амал қилган ҳолда беморларни даволаш вазифаси уларнинг зиммасига катта масъулият юклайди. Биз бугун мамнуният билан айта оламизки, ўрта тиббиёт ходимларимиз хайрли ва шарафли юмушларни сидқидилдан уддалашмоқда. Шундан уларни беморлар ўзларига доимо энг яқин маслаҳатгўй, ғамхўр, кўмакчи сифатида беҳад ҳурматлашади. "Қўлларингиз асло дард кўрмасин!" дея алқашади ҳам. Ана ўшандай паллада ҳамшираларимиз ўз касбларидан ғоят фахрланиб кетишади, албатта.

Ҳозирда бирлашмамиз тизимида 1189 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ишлашмоқда. Уларнинг 482 нафари олий тоифага эгалиги наинки билимда, балки муолажа малакаси бобидаям чакки эмаслигидан далолат беради.

Биз муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан тиббиётчиларга юксак эътибор қаратилаётгани ҳамда шунга яраша катта талаблар қўйилаётганини кўриб, эшитиб, зиммамиздаги чуқур масъу­лиятимизни ҳис этиб турибмиз. Халқимизнинг хизматимиздан розилиги ҳаммамиз учун бирдай муҳим.

Барча қарор ва фармонларда белгилаб берилган вазифаларни изчил ва муаммоларсиз бажариш учун куну тун ҳаракатдамиз. Кейинги маҳалда қуруқ топшириқ бериш билан кифояланишдек эскича одатлардан бутунлай воз кечмоқдамиз. Кўргазмали, ҳаракатдаги амалий сабоқ-семинарларни уюштиришга алоҳида эътибор қарат­япмиз. Эндиликда битта-иккита илғорларнинг намунаси билан қаноатланиш асло ярамайди. Барча муассасаларимизда барча ҳамшираларимиз талаблар даражасида иш юритишига эришишга интилмоғимиз зарур. Худди шу мақсадда жорий йилда бир неча кўргазмали семинарлар ташкилладик. "Патронаж ҳамшираман-халқимга жонкуярман" шиори остидаги тадбирни кўрик-танлов тарзида тайёрлаб ўтказик. "Ширинлик" маданият саройи саҳнасини 12 нафар патронаж ҳамширалари банд этган бўлса, томошабинлар ўрнини уларнинг юзлаб ҳамкасблари эгаллашди. Тадбирда илғорларнинг тажрибалари кўрсатилиб, оммалаштирилди, маҳорат сабоқлари берилди.

Яқинда "Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш"га бағишланган семинар уюштирилди. Унда туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Шоҳис­та Қамбарова "Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида"ги қўшма қарор ижроси қандай бораётганлигидан йиғилганларни бохабар қилди. Тиббиёт бирлашмамиз координатори Нажмиддин Сайфиддинов "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлигига эришиш масъулиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида" фикр юритди.

Тренер-ҳамширалар Муаттар Маҳмудова билан Муяссар Жўраевалар касбдошларини артериал гипертония ва қандли диабет бўйича мослаштирилган протоколлар билан таништиришди.

Кўп тармоқли туман марказий поликлиникаси, 5 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 7 та қишлоқ врачлик пункти ҳамширалари ўзлари учун ғоят керакли маълумот ва тавсияларни олишди.

Бирлашмамизда касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорликда спорт мусобақалари ташкиллаш, уларда ўрта тиббиёт ходимлари фаоллигини таъминлаш масаласи билан жиддий шуғулланяпмиз. Жумладан, хотин-қизларимиздан иборат волейболчилар гуруҳларининг Шаҳанд коллежи спорт залидаги навбатдаги мусобақаси қизғин тусда кечди. Майдонда Шаҳанд ва Қатағон-Сарой қишлоғидаги оилавий поликлиникаларнинг жамоалари ғоят чиройли ўйинлар кўрсатишди. 30-Сарой ҚОП ҳамширалари ғолибликни қўлга киритишди. Жамила Акбарова, Маърифат Қирғизова, Муяссар Исоқова, Шаҳло Абдураҳимова, Машхура Халилова, Ирода Халилова кабилар спорт соҳасида ҳам катта маҳоратга эга эканликларини яққол кўрсатишди. Шунингдек, 100 метрга югуриш мусобақасида ҳамшира Зулҳаё Шарофиддинова юқори натижа кўрсатиб, фахрли 1-ўринга лойиқ топилди. "Биз - ОИВга қаршимиз" шиори остида ўтган вилоят тиббиётчилари марофонида 300 нафар ҳамширамиз қатнашиб, чаққон ва чопағон эканликларини касбдошларига намойиш этишди. Йигитлар ўртасида 600 метрга югуришда шошилинч тиббий ёрдам бўлими фельдшери Ҳусанбой Абдуллаев маррага биринчи бўлиб етиб келиб, ҳаммани ҳайратга солди.

Истиқлол ислоҳотлари биз саломатлик посбонларидан нималарни талаб қилса, албатта, уларнинг ижро муваффақиятини таъминлаш учун бор билим, малака ва куч-ғайратимизни ҳеч аямай сарфлайверамиз. Фаоллик ва ҳалоллик ҳамшираларимизнинг ҳамишалик хизмат мезони бўлиб қолаверади.