Алишер Навоий номли вилоят театрининг ижодкорлари бу гал ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз ногиронларга маданий хизмат кўрсатишди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ногиронларга, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкиллаштириш бўлими ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур тадбирда Наманган шаҳрида яшовчи 500 нафардан зиёд якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар мириқиб ҳордиқ чиқаришди.

Дастлаб, таниқли ҳонанда Ҳамиджон Маллабоевнинг дилрабо қўшиқлари янграган бўлса, Акмалжон Саримсоқов ижросидаги шўх яллалар томошабинларни рақсга чорлади.

Таниқли драматург Нурилло Аббосхон қаламига мансуб, "Азиз" спектаклининг намойиши эса уларда бир олам таассуротлар қолдирди.

- Театрга илк бор келишим, шунинг учун ҳам завқу шавқим ўзгача, - деди 1-гуруҳ ногирони Адҳам Тўхтабоев. - Мусиқий дастур ҳам, спектакль ҳам менга жуда-жуда ёқди. Айниқса, хаста Азизнинг беғубор ва самимийлигидан жуда-жуда таъсирландим. Театр ижодкорларига ҳамда тадбир ташкилотчиларига катта раҳматлар айтаман.

М. ЭРГАШЕВА.