Жорий йилда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами кескин ортди. Пировардида кўплаб қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар бинолари сифатли таъмирдан чиқарилди. Жумладан, Тиббиёт ходимлари куни арафасида Косонсой туманида бир йўла иккита оилавий поликлиника биноларининг тақдимот маросимлари ўтказилди.

Чиндовул чиройига чирой қўшган 4-оилавий поликлиника биноси "Обод қишлоқ" дастурининг ижроси қандай самаралар бераётганлигини кўз-кўз қилиб турибди. Икки қаватли, замонавий дизайн асосида таъмирланиб, пардозлашдан чиқарилган бино ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Бинога қайта жило берилиб, эшик ва ромлар "Экопен пласт" ҳамда "МДФ" маҳсулотлари билан алмаштирилди. Иситиш тизими эса бутунлай янгиланди. "Водий бетон деворлари" хусусий корхонаси бинокорлари объектда 526 миллион сўмлик иш бажаришга муваффақ бўлдилар.

Мазкур маскан "Чўнгбош", "Узун­қишлоқ", "Чиндовул", "Учқўрғон", "Ширинбулоқ", "Ширин" маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи қарийб йигирма минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. 5 нафар умумий амалиёт шифокори ҳамда жарроҳ, акушер-гинеколог, педиатр, стоматолог каби мутахассислар фао­лият олиб боришяпти.

5-оилавий поликлиника биносини таъмирлаш ишларига эса май ойида киришилган эди. "Speus star servis" фирмаси қурувчилари томонидан бинонинг ички ва ташқи фасад қисмлари, томи ва истиш тизимлари сифатли таъмирдан чиқарилди. Бу саъй-ҳаракатлар учун маҳаллий бюджетдан 800 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Эндиликда бинодан оилавий поликлиника сифатида фойдаланиш учун барча шароитлар яратилди.

Мазкур оилавий поликлиникалар тақдимотлари қишлоқ аҳли учун катта шодиёна тусини олди. Маросимларда Косонсой тумани ҳокими Жавлонбек Йўлдошев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар, хусусан чекка ҳудудларда яшовчилар учун қулайлик яратиш мақсадида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари моддий-техник имкониятларини тараққий эттириш учун рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида тўхталдилар.

Меҳнат фахрийлари Дилором Аҳмаджонова, Умматали ота Дадабоевлар кўрсатилаётган ғамхўрликлар, айниқса соғлиқни сақлаш масканларини такомиллаштириш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар одамларни мамнун этаётганлигини изҳорлашди. Рамзий ленталарни таомилга кўра қишлоқ оқсоқоллари қирқиб беришди. Шу куниёқ оилавий поликлиникаларда беморларни қабул қилиш бошланди.

- Маҳалламизда шундай муҳташам ва замон талаблари асосида фаолият юритадиган поликлиника очилишини илгари тассаввур ҳам қилолмасдик, - дейди "Чўнгбош" МФЙ раиси Насибахон Ҳайдарова. - Барча соҳаларда кечаётган ислоҳотлар, айниқса "Обод қишлоқ" дастурининг изчил амалга оширилиши самараси ўлароқ яратилган бундай беқиёс имкониятдан унумли фойдаланиш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза этишнинг гарови бўлган тиббий кўрикларда барчанинг фаол иштирокини таъминлаш фаолиятимиз мезони бўлади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бир неча кун аввал Қўқимбойда Инвестиция дастури доирасида реконструкция қилинган 6-оилавий поликлиника биноси очилган эди. Яқин орада яна бир қатор бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.