"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасалари имкониятлари ҳар қачонгидан ҳам такомиллаштирилмоқда. Бинобарин, айни пайтда йигирмадан ортиқ тиббиёт масканларида Инвестиция дастурига мувофиқ қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Бу саъй-ҳаракатлар учун салкам 50 миллиард сўмга яқин бюджет маблағи ажратилганлиги ҳам ишлар кўлами нақадар кенг эканлигини тасдиқлаб турибди.

Қуриб битказилган объектлар эса бирин-кетин фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, яқинда Наманган туманидаги Шўрқўрғон қишлоғида 15-оила поликлиникасининг очилиш маросими байрамона тарзда ўтказилди. Унга қишлоқ фаоллари, меҳнат фахрийлари ва соҳа вакиллари таклиф этилди.

Маросимни очган туман ҳокими Шуҳратжон Давронов мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида одамларни рози қилиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилаётганлигини мамнуният билан қайд этди.

Нуронийлар номидан сўзга чиққан Марҳамат Алижонова ва Аббосали Бекмуродовлар Президентимиз раҳнамолигида халқ бахту саодати йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар баробарида қишлоқларда ҳам турмуш фаровонлиги юксалиб бораётганлигини эътироф этиб, тақдимоти ўтказилаётган мазкур оилавий поликлиниканинг вужудга келиши ҳам ана шу саъй-ҳаракатлар самараси эканлигини таъкидладилар.

Рамзий лента қирқилгач, барча тиббиёт масканида яратилган қулайликлар билан танишди. Икки қаватли маҳобатли оилавий поликлиникада аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш учун зарур икониятлар муҳайё этилган. Шинам ва ёруғ хоналарда умумий амалиёт шифокорлари, тор соҳа мутахассислари беморларни қабул қилишади. Бинобарин, акушер -гинеколог Гулнора Жўраева ҳузурига келган илк бемор Маъмура Шокирова бўлди. УАШ Абдуқаҳҳор Тиркашев эса Мадинабону Жўраевага тиббий хизмат кўрсатди. Кундузги шифохона, лаборатория, УТТ ва ЭКГ хоналари, ижтимоий дорихона ҳам эл хизматида.

- Ҳудудимиздаги олтита маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчилар, битта касб-ҳунар коллежи ва 4 та мактаб ўқувчилари соғлиғини муҳофаза қилишга масъулмиз,-дейди поликлиника мудири Ҳусанбой Тошанов. - Реконструкциядан сўнг тиббиёт масканимизда кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати кескин кўтарилди.

Кунига 100 қатновга мўлжалланган 15-оилавий поликлиника биносини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларига 1 миллиард 361 миллион сўм маблағ сарфланди. Ло­йиҳада белгиланган юмушларни "Зафар" хусусий корхонаси қурувчилари амалга оширдилар.

(Ўз мухбиримиз).