Уйчи тумани ҳокимлиги мажлислар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман ҳокимлигининг қўшма ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унга Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, бирламчи тизим бўйича қоординаторлари, кўп тармоқли марказий поликлиникалари мудирлари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг раҳбарлари таклиф этилди.

Йиғилишни туман ҳокимининг ўринбосари Фарҳоджон Мамадалиев кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов соҳа фаолия­тини тубдан яхшилаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил тўхталди. Нотиқ тизимда кечаётган янгиланишлар жараёнига мутлақо зид, яъни айрим мутасаддиларнинг бепарволиги оқибатида юзага келаётган нохуш ҳолатлар Уйчи тумани тиббиётида ҳам кўзга ташланаётганлигини   таассуф билан таъкидлади.

Туманда қайд этилаётган салбий ҳатти-ҳаракатлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботировнинг "Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, Қарорлари, Фармойишлари ва топшириқларининг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда 2019 йилда режалаштирилган устувор вазифалар тўғрисида"ги маърузасида тўлиқ изоҳлаб берилди.

Таъкидланганидек, туманда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини етарли, деб бўлмайди. Марказий шифохона бўлимлари, тез тиббий ёрдам хизмати ишини янада яхшилаш зарур. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятида камчиликлар талайгина. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 31, 32, 34, 36, 37-қишлоқ оилавий поликлиникалари ва баъзи қишлоқ врачлик пунктлари ишидан қониқиш ҳосил қилиш қийин. Оналик ва болалик муҳофазаси йўналишидаги фаолиятда ҳам ечимини кутаётган муаммолар кўп. Ижро интизоми сусайтириб юборилган. Кадрлар малакасини ошириш, соҳа ишига замонавий технологияларни татбиқ қилиш масаласига ҳам эътиборсизлик билан қа­рал­япти.

Танқидий таҳлиллар асосида кечган йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимининг барча йўналишларидаги камчилик ва нуқсонлар рўйи-рост айтилди. Вазифасига лоқайдлик ва совуққонлик билан муносабатда бўлаётган мутасаддилардан масъулият талаб қилинди. Жумладан, 6 нафар ходимнинг ишда қолиш-қолмаслиги кўриб чиқиладиган бўлди. 5 нафар ходимга огоҳлантириш берилди. 50 нафар тиббиёт ходими "ҳайфсан" олди. 11 кишига ойлик маошидан 30 фоиз чегириб қолиш интизомий чораси қўлланилди.

Қабул қилинган қарорда кўрсатиб ўтилганидек, соҳа ишини тубдан яхшилаш чора-тадбирларини белгилаш лозим. Хусусан, аҳоли ва туғиш ёшидаги аёлларни чуқурлаштирилган ҳамда профилактик тиббий кўриклардан ўтказиш борасида сезиларли ўзгаришлар ясаш, патронаж хизмати самарадорлигини ошириш, шифохоналар ва бирламчи тизим ўртасидаги интегра­цияни намунали йўлга қўйиш, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматни юксалтириш ғоят муҳимдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.