"Анемия ва лейкемия" хайрия жамоат фонди ана шу шиор остида ўз фаолиятини олиб бормоқда

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида мазкур жамоат фонди тарғиботига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Уни бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров олиб борди.

Фонд бошқаруви раиси ўринбосари,тиббиёт фанлари номзоди Жамолиддин Нажмиддинов маъруза қилди. Унинг таъкидлашича, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишни ривожлантириш, малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш, оналар ва болалар соғлиғини сақлаш ва муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида турли касалликларни олдини олиш, ривожланган хорижий мамлакатлар тиббиёт муассасалари ва клиникалари билан алоқаларни фаол давом эттириб, тиббиёт фанини янада такомиллаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тиббиёт соҳасидаги бундай устувор вазифаларни ижро этишда республика "Анемия ва лейкемия" хайрия жамоат фонди ҳам иштирок этмоқда. Фонднинг асосий вазифаси - сурункали анемия ва лейкемия билан хасталанган кам даромадли, ночор, якка ёлғиз, уруш ногиронлари, Чернобиль АЭС фалокати оқибатларини бартараф этишда қатнашган ва бошқа касаллик билан оғриган муҳтож беморларга беғараз хомийлик ёрдамларини кўрсатишдан иборат. Бундай хайрия ва хомийлик ёрдамлари Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти клиникасида ва вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказлари гематология бўлимларидаги муҳтож беморларнинг янада малакали даволанишларида муҳим омил бўлмоқда.

Ўз навбатида, айниқса саховатпеша инсонлар томонидан ажратилаётган маблағ ва дори-дармон кўринишида берилган хайрия ёрдамлари "Анемия ва лейкемия" ХЖФнинг Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар филиалларига, Гематология ва қон қуйиш ИТИ клиникасига, Тошкент шаҳар ногирон гемофилия беморлари жамиятига, "Ўзбекистон чернобилчилари" ассоциациясига ҳамда бошқа муҳтож беморларга, шунинг­дек кам таъминланган, ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ногирон фуқаро тоифаларига, айнан болаларни даволашга манзилли йўналтирилмоқда. Наманганда ҳам фонднинг филиали тузилди.Унга ВКТТМ гематология бўлими мудири Соҳибжон Ғафуров раҳбарлик қилмоқда.

Йиғилишда жамоат фонди фаолияти билан боғлиқ саволларга жавоблар берилди. Ҳамкорликни кучайтириш орқали ночор инсонларни қўллаб-қувватлаш юзасидан фикрлашиб олинди.