Вилоятимизда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига тиббиёт муассасалари биноларини қайта таъмирлаш ва замонавий талаблар асосида шарт-шароитлар яратиш борасида ҳам муайян ютуқларга эришилмоқда. Куни кеча Мингбулоқ туманидаги Қолғандарё қишлоғида фойдаланишга топширилган 9-оилавий поликлиника биноси фикримиз далилидир.

Вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан тиббиётнинг бирламчи бўғини имкониятларини такомиллаштириш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида чекка ва олис ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг узоғи яқин бўлиб, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси юксаляпти. Жумладан, энди Қолғандарё қишлоғи аҳолиси тез тиббий ёрдамни кўп кутишмайди, қолаверса клиник таҳлиллар топшириш, тор доирадаги мутахассис шифокорларга учраш учун туман марказий шифохонасига боришга ҳожат қолмади. Салкам 600 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига "Пардоз таъмир сервис" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан сифатли таъмирдан чиқарилган ва энг янги анжомлар билан жиҳозланган шинам бинода 9-оилавий поликлиникаси саломатлик пос­бонлари фаолиятни бошладилар.

Тиббиёт маскани тақдимотида иштирок этган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров Юртбошимиз раҳнамолигида одамлар турмуш фаровонлигини ошириш, айниқса тиббий хизмат кўрсатишни юқори поғонага кўтариш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида тўхталиб, қишлоқ аҳли саломатлигини мустаҳкамлаш учун собиқ хўжалик идораси ўрнида икки қаватли, муҳташам янги оилавий поликлиника биносининг вужудга келиши ҳам ана шу эзгу ишлардан бири эканлигини таъкидлади. Шифокорларга тиббий хизмат самарадорлигини ошириш, тиббиёт фаолиятидан одамларни рози қилишга эришиш учун бурч ва масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда астойдил изланиш зарурлиги айтилди.

Меҳнат фахрийлари Саиджон ота Сайдуллаев ва Раҳимахон ая Аҳмадалиевалар яратилган қулайлик учун қишлоқ аҳли номидан давлатимизга миннатдорчилик билдирар эканлар, ҳудудда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хонадонларда тиббий маданиятни юксалтиришда фаоллик кўрсатажакларини изҳорлашди.

Қишлоқнинг ҳурматли оқсоқоллари рамзий лентани қирқиб беришди. Тақдимот қатнашчилари оилавий поликлиникада яратилган қулайликлар билан танишдилар. Қайд этиш жоизки, таъмирлашдан сўнг 24 та хона турли йўналишлар бўйича хизмат кўрсатишга ҳозирланди. Тез тиббий ёрдам шахобчаси диспетчерлик пункти, кундузги шифохона, стоматология хонаси, УТТ ва ЭКГ, жарроҳ, умумий амалиёт шифокорлари, акушер-гинеколог, педиатр хоналарида беморлар қабули бошланди.

- Ҳудуддаги 5 маҳалла, яъни "Қириқчек", "Кичик Жомашўй", "Найман", "Қол­ғандарё" ва "Момохон"да яшовчи 12 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами амалга оширилади. Энди уларга янада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун мукаммал имкониятларга эга бўлдик,-дейди оилавий поликлиника мудири Анорхон опа Бегматова.

Тадбир ниҳоясида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов қишлоқ тиббиётчилари билан суҳбатлашди. Оилавий поликлиникада кўрсатилаётган тиббий хизматларни янада такомиллаштириш, хусусан "Электрон поликлиника" тизимини жорий этиш юзасидан маслаҳатлар берди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.