Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида соҳа фаолиятини янада яхшилаш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бироқ "шоли ичида курмаклар" ҳам бўлганидек, аҳолини ранжитаётган салбий ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Уларга қарши муросасизлик билан курашишга бор имкониятлар сафарбар этилиб, таъсир чоралари кучайтирилмоқда.

Малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда тиббиёт муассасаларининг қай даражада иш олиб бораётганлиги мунтазам мониторинг қилиняпти. Камчилик ва нуқсонлар аниқланиб, жойида хал этилиб борилаётир. Яқинда вилоят перинатал марказида якунланган текширувда ҳам муассасада бир қатор ўзибўларчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги маълум бўлди.

Вилоят стоматология поликлиникаси мажлислар залида ўтказилган бошқарма тиббиёт ҳайъатининг навбатдан ташқари йиғилишида мазкур маниторинг натижалари муҳокама қилинди. Унга шаҳар ва туманлар туғруқ ком­плекслари, вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларининг акушер-гинекологлари, перинатал марказ раҳбарлари, бўлим мудирлари, шифокорлари, катта ҳамширалари ва доя­лари чақирилди.

Ҳайъат йиғилишини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов бошқарди. Раислик қилувчи кириш сўзида мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, унинг моддий-техник имкониятларини ривожланган давлатлардаги даражага кўтариш борасида кенг кўламли эзгу ишлар қилинаётганлигини таъкидлади. Тизим ишини такомиллаштиришга давлатимиз томонидан шу қадар юксак эътибор қаратилаётган бир даврда айрим муассасаларда кўзга ташланаётган тартиб бузарлик, лоқайдлик, масъулиятсизлик иллатларига асло тоқат қилиб бўлмаслигини айтди.

- Афсуски, ўрганиш вилоят перинатал марказида талабчанлик бўшаштириб юборилганлиги боис тиббиёт ходимларининг ўз вазифаларига ғоят совуққонлик билан муносабатда бўлаётганликларини, охир оқибат фаолият бугунги кун талабларига ҳамоҳанг равишда йўлга қўйилмаганлигини кўрсатди, - деди у.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров томонидан слайдлар воситасида шарҳланган "Вилоят перинатал марказида аёлларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам хизматининг ҳолати" мавзуидаги маърузада мониторинг якунлари ўз ифодасини топди. Биринчидан, муассасада Президентимизнинг ва ҳукуматимизнинг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Фармон ва қарорлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруқлари ижроси тўлиқ таъминланяпти, деб бўлмайди. Иккинчидан, тиббий-клиник ҳужжатларни юритиш талабларига риоя этилмаяпти. Учинчидан, санитария қоида ва меъёрлари талаблари етарли даражада бажарилмаяпти. Тўртинчидан, марказда ижро интизоми ниҳоятда суст. Бешинчидан, давлатимиз томонидан дори-дармон таъминоти яхшиланганлигига қарамай, асоссиз равишда беморларни сарсон қилиш, яъни дорихоналарга йўллаш каби ҳолатлар давом этмоқда. Олтинчидан, ошхона таъмирталаб аҳволда. Еттинчидан, марказий стерлизация пункти иши ўта қониқарсиз, дейишга тўла асослар бор. Саккизинчидан, клиник-биохимик ва бактериалогик лаборатория иши талабга жавоб бермайди. Тўққизинчидан, марказда наркотик, психотроп ва прейкурсор дори воситаларидан фойдаланишда ҳам камчиликлар оз эмас.

Бу каби белгиланган талабларга зид ишлар, хатолик ва эътиборсизликлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Қисқаси, марказ фаолиятида ютуқлардан кўра муаммолар кўп, десак янгилишмаймиз. Энг ёмони - муассаса ҳудудига кириб-чиқувчи автомобиллар назоратсизлигидир. Шу билан бирга дабдабабозлик ҳолатларига қарши курашилмаяпти. Ҳали ҳам янги туғилган чақалоқларни қимматбаҳо автомашиналарда, катта шов-шувлар билан олиб кетиш каби "анъаналар" давом этаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Йиғилишда марказ мутасаддиларидан масъулият талаб этилди. Ишни бўшаштириб юборган раҳбарлар, бўлим мудирлари, катта ҳамширалар ва доялардан изоҳ сўралди. Ҳайъат йиғилиши қарорига кўра 27 нафар масъул шахсга нисбатан интизомий чоралар кўриладиган бўлди. Жумладан икки нафар ходим взифасидан четлатилди. Тўрт киши огоҳлантирилди, тўрт кишига ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима солинди. 17 нафар ходимга «ҳайфсан» қўллаш эълон қилинди.

Марказда даволаш-диагностика стандартлари асосида иш ташкил этиш, муассаса моддий-техника базасини яхшилаш, шифохона ички инфекцияси тарқалишига қарши кескин кураш олиб бориш, кадрлар билим ва кўникмаларини ошириш, оналар ва болалар ўлим содир бўлиши ва асоратли туғруқларнинг олдини олиш чораларини кўриш юзасидан тавсиялар берилди.

Умид қиламизки, вилоят перинатал марказида юзага келган мураккаб вазият бошқа даволаш-профилактика муассасалари жамоалари учун сабоқ бўлади. Зеро, ўзибўларчилик ҳеч қачон обрў келтирмайди, аксинча юзни шувут қилади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.